Меню
Қашқадарё
БИР ДАРДНИ ИККИ ҚИЛМАНГ
- Маълумки, Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари белгилаб қўйилган, - дейди вилоят адлия бош-қармаси нотариал, адвокатура ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари бўлими етакчи маслаҳатчиси Зикрилло Ғозиев.
- Никоҳнинг ҳуқуқий асосини ФҲДЁ органларида қонуний рўйхатдан ўтказилган никоҳ ташкил этади. Қонуний никоҳ маълум шартларга риоя қилиниб тузилади ва никоҳланувчи шахслар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради. Кодекснинг 17-моддасида эса, никоҳланувчи шахслар никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишлари мақсадга мувофиқ деб кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, ўтган 2017 йилда вилоят адлия бошқармаси тизимида фаолият юритаётган ФҲДЁ органларида 31 минг 767 та никоҳ қайд этилган. Қайд этилган никоҳланувчи шахсларнинг 192 нафарида турли касалликлар аниқланган.
- 2004 йилдан бери “Оила ва никоҳ” бўлимида никоҳланувчи ёшлар билан ишлайман, - дейди Қарши шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг “Оила ва никоҳ” бўлими шифокори Гавҳар Муродова. – Ўтган вақт давомида минглаб никоҳланувчиларни тиббий текширувдан ўтказдик ва уларга ФҲДЁ органларида никоҳни расмийлаштириш учун керакли маълумотномани бердик. Энг ёмони, ҳалиям тиббий кўрикдан ўтиш ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаган, бунинг моҳиятини тушунмаган кишилар кўп. Ваҳоланки, айнан шулар орасида ОИВ/ОИТС каби юқумли касалликлар билан хасталанганлар бор.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ никоҳланувчи шахслар 2 ҳафталик муддатда психик (шизофрения, эпилепсия, олигофрения), наркологик, тери-таносил, сил, ОИВ/ОИТС касалликлари бўйича тиббий кўрикдан ўтишлари керак. Сабаби, бу касалликлар бевосита наслга таъсир қилиши билан ижтимоий аҳамиятга эга.
- Никоҳланувчи шахслар никоҳ қайд этилгунга қадар иккинчи томонни тиббий текшириш натижаларидан хабардор қилиши шарт, - дейди Косон тумани ФҲДЁ мудираси Нодира Қодирова. - Агар никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида уларнинг биттасида ёки ҳар иккаласида тегишли касалликдан бири аниқланган тақдирда, никоҳни қайд этиш томонларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлиги тасдиқлангандан кейин амалга оширилади. Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, тиббий кўрик натижаси ҳақида келин ва куёв хабардор этилади ва агар никоҳланувчиларда бирор касаллик аниқлангудек бўлсаю улар бошқалар билишини исташмаса, ўртада сирлигича қолади. Никоҳни қайд этувчи шахслар эса тиббий кўрик натижалари тўғрисидаги ахборотнинг махфийлиги учун жавоб берадилар.
Дарҳақиқат, миллатимизда оила ва никоҳ муқаддас саналади. Жамиятнинг бир бўғини сифатида қадрланади. Унга ақлан ва тадбир билан ёндашиш ота-боболаримиздан қолган мерос.
- Қадимдан кайвониларимиз совчиликка боришдан аввал бўлғуси келин-куёвнинг хулқи, ҳунари, оилаю қариндош-уруғи, соғ-саломатлиги, юриш-туришию одоб-ахлоқи, оила қуришга нечоғлик тайёрлиги, бирор ирсий хасталиги бор-йўқлиги билан қизиқишган, - дейди фахрий ўқитувчи Бўстон Раҳмонова. - Бу анъанага бобомиз Амир Темур ҳам қатъий амал қилган экан. У келин танлашда аввало унинг насл-насабини, етти пуштини, саломатлигини суриштирган.
Бугун эса бу удум анча “сайқалланган” кўринади. Баъзи оилалар келин олаётганда ёки қиз узатаётганда қуда томоннинг қўша-қўша машиналари, сеп-сидирғаси, дабдабали ҳовлисига маҳлиё бўлиб қолаётгани ҳам рост. Сўнг нимага эга бўлишаяпти, туганмас машмашаларга холосми?! Ахир, бекорга давлатимиз томонидан никоҳ олди тиббий кўрик жорий этилмаган, унинг устига барчаси бепул. Давлат сиз ва оилангиз ҳақида қайғуриб турганда сиз нега ўзингиз, келажагингизга бефарқ бўласиз?! Нафсиламрини айтганда, бунга ҳаққингиз йўқ! Тушунтириш-тарғибот ишларининг эса ками қолмади.
Қуйидаги рақамлардан хулоса чиқариб олинг: ўтган 2017 йилда вилоят бўйича никоҳланувчилар ўртасида ўтказилган тиббий кўрик натижаларида аниқланишича, никоҳланувчи шахсларнинг 27 нафарида ОИВ/ОИТС, 1 нафарида тери-таносил, 15 нафарида наркологик, 4 нафарида сил, 145 нафарида руҳий хасталик бўлган...
Сожида АЛЛАЁРОВА