Меню

Қашқадарё

18.08.2020 2010

БИР ЎҚ БИЛАН ИККИ ҚУЁН УРИЛДИМИ ЁКИ...

Савол туғилади

Бир муддат илгари Қарши шаҳрида яхши бир ташаббусга қўл урилди: жамоат транспортидан фойдаланувчи аҳолига кенгроқ қулайлик яратиш мақсадида марказий кўчалар бўйлаб янги намунадаги бекатлар қурилиши бошланди.

Мазкур бекатларнинг аввалгиларидан фарқи йўловчилар учун мўлжалланган шароитларнинг кўплигида бўлиб, бир қисми савдо дўконига мослашса, бошқа тарафи кутиш жойи бўлади. Бекат кузатув камераси, кондиционер каби муҳим воситалар билан жиҳозланади. Энг муҳими, йўловчилар жазирама ва совуқ кунларда бу ерда бемалол автобус ёки такси кутишлари мумкин бўлади. Хоҳласа, шундоққина икки-уч қадам наридаги дўкондан ул-бул нарса харид қилиши ҳам мумкин. Савдо шохобчаларига фойдаси эса мижоз хоҳласа-хоҳламаса бу ерга келади ва албатта нимадир сотиб олади (ҳар ҳолда лойиҳа бўйича шундай). Бир ўқ билан икки қуённи уриш деб шуни айтадилар асли.

Аммо кейинги вақтларда бу масканлар бекатдан кўра кўпроқ дўконга айланиб бораётгани кўпчиликнинг диққатини тортган бўлса эҳтимол. Яна денг, бу ер бирор марта бекат вазифасини бажармаган бўлса...

Ишонмасангиз, суратга қаранг. Бир қарашда ким бу ерни бекат деб ўйлайди? Бир тарафда лаваш, бир тарафда музқаймоғу яхна ичимликлар дўкони, ўртада шаурма, лаваш "доставка"си (шуям ўзбекча эмас) ҳақидаги улкан лавҳалар... Фақат пешлавҳанинг бир чеккасида кичкинагина қилиб "бекат" дея қайд этишибди.

Тўғри, замонавий бекатларни тадбиркорларнинг ўзлари қуриб олаяпти, пул сарфлаяпти, шуни чиқариб олиш, фойда кўриш учун асосий фаолият турига зўр бериши тайин. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: гавжум нуқтада тадбиркорга ажратилган ер аввало бекат учун берилган! Шундай экан, бекат бирламчи, қолганлари кейинги ўринларда туриши керак. Бизда эса акси қилинаётгандай: гўёки тадбиркорлар объект тиклаб олсак бўлди, кейин-кейин тўлиқ савдо дўконига айлантириб оламиз, деган мақсадни кўзлашгандай. Биз тилга олган жойларда эса аллақачон бунга киришиб кетишган...

Ахир бошда бунга келишилмаган: тадбиркорга эмас, аҳолига қулайлик яратиш ният қилинганди.

НАСРИДДИН 

БОБУРБЕК олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!