Меню
Қашқадарё
Биоҳимоя бўйича долзарб 30 кунлик доирасида пресс-тур уюштирилди
Қашқадарё вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан “Фитосанитар тоза маҳсулотлар етиштиришда амалга оширилаётган ишлар: биолабораториялар, биоҳимоя бўйича долзарб 30 кунлик” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида журналист ва блогерлар дастлаб биомаҳсулот етиштириш жараёнлари билан танишиш учун Касби туманига боришди. Айтиш жоизки, вилоятимиз бўйича жами 70 та биолаборатория бўлса, улардан 11 таси айнан Касби туманида жойлашган.
Дастлаб пресс-тур иштирокчилари тумандаги "Индорама агро" хорижий агрокластерининг биолабораториясида биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнини кузатишди.
Кейинги манзил тумандаги "Ширинов Рашид Раҳимович" биолабораторияси хонадон шохобчаси бўлиб, у ерда биомаҳсулотларни етиштиришдан тортиб далага қўйиш жараёнигача бўлган барча босқичлар намойиш этилди.
Куннинг иккинчи ярмида журналист ва блогерлар вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси фаолияти, хусусан, “e-Fitouz” дала назорати мониторинги, сайёр мобил биолабораторияси ва унинг имкониятлари билан таништирилди. Шунингдек, ОАВ вакиллари экспорт қилинаётган маҳсулотларни карантин назоратидан ўтказиш жараёнлари ҳамда уларга халқаро фитосанитар сертификатларни расмийлаштириш ва ташқи карантин соҳасига оид бошқа маълумотларга эга бўлишди.
- Жорий йилнинг ўтган даврига қадар вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси туман ва шаҳар инспекторлари томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган жами 419 минг 57 гектар майдондан 320 минг 87 гектар майдонда 34 минг 931 марта дала назорати ишлари ўтказилиб, “е-Fitouz” тизимига маълумотлар киритилди, - дейди бошқарма бошлиғи Ғайрат Жўраев. - Тадбиркорлик субъектларига карантин остидаги махсулотларга жами 6 минг 68 дона ички фитосанитар сертификатлар расмийлаштириб берилди.
Шу билан бир қаторда, журналист ва блогерлар фитосанитария лабораториясини ҳам кўздан кечириб, ўзлари ва муштарийларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоблар олишди.
Шоҳиста БОЗОРОВА