Меню
Қашқадарё
БИНОНИНГ "НОЛЬ" ҚИЙМАТДА БЕРИЛГАНИ БЕСАМАР КЕТМАДИ
Сўнгги вақтда воҳамизда ноозиқ-овқат саноати ривожи ҳам бир қадар тезлашган. Ҳудуддаги корхоналар томонидан замонавий технологиялар самарали ўзлаштирилаётгани мазкур тармоқ ишлаб чиқариш қувватининг нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам ошишига олиб келмоқда. Бу борада мебель саноати ҳам алоҳида ўрин тутади. Вилоятда ушбу соҳа жадал равнақ топиб бораётганини Қарши шаҳридаги "Гранд мебель дизайн" масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхона айни жабҳада иш бошлаганига 2 йилдан ошди. Ишлаб чиқариш цехи хориждан келтирилган дастгоҳлар билан жиҳозланган. Шу қисқа фурсатда қўлга киритилган ютуқлар ҳам жуда салмоқли. Бултур ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан 1 миллиард 400 миллион сўм ҳажмда маҳсулотлар реализация қилинган. Бир қисмига эса чет элликлар харидор бўлган. Хусусан, 25 минг АҚШ доллари эквивалентидаги мебель жиҳози Қирғизистонга жўнатилган.
- Замонавий технологиядан фойдаланишга устувор эътибор қаратганимиз маҳсулотимиз рақобатбардошлигини таъминлаяпти, - дейди жамият раҳбари Равшан Комилов. - Шунга яраша унинг тури ҳам кўпайган. Бугунги кунда деярли барча интерьер ва дизайндаги мебель буюмларини ишлаб чиқариш имконига эгамиз. Ички бозордан ҳам, чет элдан ҳам буюртмалар талайгина. Бироқ улгуриш қийин. Шу сабабли қўшимча қувват ўрнатиш ҳисобига ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчимиз. Германиядаги ҳамкорлар билан келишиб қўйдик. 400 миллион сўмга янги линия харид қилдик. Яқинда олиб келамиз. Шунда маҳсулдорлик 25 фоизга ортади, бундан ташқари, 5 та янги иш ўрни яратилади.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, у ҳозирда корхона фаолияти барқарорлиги масаласида хавотир олмаса ҳам бўлади. Негаки ишбилармон вилоятдаги мактабларни ўқув ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш бўйича катта буюртма олган. Бу эса 50 нафардан зиёд кишининг мустаҳкам даромад манбаига эга бўлишига шароит ҳозирлайди.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, "Гранд мебель дизайн" МЧЖ Қарши шаҳридаги собиқ "Автошоҳбекат" биносида фаолият кўрсатмоқда. Анча вақтдан бери фойдаланилмай турган ушбу давлат мулки тегишли хусусийлаштириш дастури доирасида тадбиркорга инвестиция киритиш мажбурияти билан "ноль" қийматда тақдим этилган. Ўз навбатида сармоядор муайян муддатда бунга режадаги 1 миллиард 600 миллион сўм ўрнига 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаганини қайд этади. Мазкур объект ва унинг атрофи тўлиқ ободонлаштирилиб, собиқ автошоҳбекат ишлаб чиқариш цехи, мебель салони ва бир қанча хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўз ичига олган мажмуага айланган. Демак, саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаган, дейиш мумкин.
М.ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.