Меню
Қашқадарё
Бино қулаб тушмаса, унинг ноқонуний эканини билмасмидик? “Qarshi city”да нега пишиқ ғишт ишлатилмаяпти?
Брифинг
Хабарингиз бор, шу йилнинг 23 июнь куни кечқурун Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчасидаги “Насаф Травел” меҳмонхонаси ёнида қурилаётган 5 қаватли қурилиши якунланмаган бинонинг том қисмидаги бетон плита қулаб, бир қурувчи вафот этди.
Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, ушбу объектдаги қурилиш ишлари рўйхатга олинмаган ҳолда ноқонуний олиб борилган.
Шу ўринда бир савол туғилади: шу бино бир эмас, нақ беш қаватли кўринишга келгунича наҳотки тегишли масъуллар буни кўрмаган, бехабар юрган бўлса? Яна денг, шаҳарнинг қоқ марказида! Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, токи бино қулаб тушмагануча бу ердаги ишлар қонунга зид равишда олиб борилаётганини ҳеч ким билгани йўқ. Шундай бўлиши мумкинми? Оддий одам шаҳарнинг бир чеккасида кичикроқ “будкача” кўтарсин, неча кун индамай туришаркан? Бир неча соатда олдириб ташлашади. Шундай экан, кўкка бўй чўзгунча мутасаддилар нега кўз юмиб туришди?
Вилоят қурилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Тўра Эргашевнинг маълум қилишича, меҳмонхона ёнидаги бино қурилиши сифати бўйича вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспекторлари шуғулланиши керак. Бошқарма томонидан эса бир неча марта тақдимномалар киритилган, бироқ тадбиркор томонидан бунга риоя этилмаган, лойиҳа-смета ҳужжатлари қилинмаган, тегишли хулосалар олинмаган.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган брифингда айтиб ўтилди.
Тадбирда яна қайд этилишича, Қарши шаҳри Наво маҳалласи ҳудудида бўш турган 22 гектар ер майдони танлаб олиниб, “Qarshi City” мавзесининг кўп қаватли уйлари қурилмоқда. Бу ерда 7 та 16 қаватли турар жой қурилиши режалаштирилган.
Журналистлар нега ушбу уйларда пишиқ ғишт ишлатилмаётгани билан қизиқишди.
- Жаҳон стандартларига кўра, ҳозир дунёнинг кўплаб давлатларида пишиқ ғишт ишлатилмаяпти, - дея жавоб берди масъул. – Бунинг ўрнига газоблок қурилиш материалидан фойдаланилаяпти. У пишиқ ғиштга нисбатан анча енгил, қолаверса, энергия тежамкор. Яъни ёзда хона салқин, қишда иссиқ бўлишини таъминлайди.
Брифингда соҳага оид бошқа саволларга ҳам жавоб қайтарилди.
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.