Меню
Қашқадарё
БЕЖИРИМ ИМОРАТЛАР – ҚИШЛОҚ КЎРКИ
Қишлоқдаги замонавий уй-жойлар, кўчаларни тўлдириб юрган қўша-қўша автомобиллар, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида яратилаётган қулайликларнинг барчасини мустақиллик шарофатидан деб билади. Доимо дуода. Шу юртни, унинг бахтли одамларини алқагани-алқаган.
- 1943 йилнинг февраль ойида фронтдан ярадор бўлиб қайтдим, - дейди Тўра бобо Жабборов ёшлик даврини эслаб. - Жарқўрғон қишлоғида тайин уй-жойим йўқлиги учун Яккабоғ тумани Лойқа қишлоғида яшовчи ота қариндошимиз Қилич амакимникига бордим. У бир улоқ сўйиб, “аскар қайтиш” тўйи ўтказди. Сўнг қишлоқнинг подасини боқиб юрдим. Уч йилдан сўнг Қилич амаки бош бўлиб, мени уйлантирди. Бизга уйининг ёнида пахса лойдан аранг икки киши сиғадиган уйча солиб берди. Бошпанамиз шу бўлди. Қилич амакининг яхшилигини сира-сира унута олмайман. У замонларда бундай уйлар қаерда эди дейсиз?!
Тўра бобонинг ўғли Тўйчи қўли гул дурадгор уста чиқди. У ҳар йили қишлоқда 3-4 та иморат ёпади. Иши пишиқ-пухталиги билан оғизга тушган. Бундан ташқари, ёғоч кесадиган дастгоҳ қуриб, одамларнинг оғирини енгил қилаяпти, ҳам ўзи даромад топаяпти. Рўзғоридан ортганига пишиқ ғиштдан катта уй солди. Ҳовлида енгил автомашина, қўрада моли бор, рўзғори бут. Буни Тўра бобо аввало истиқлол шарофатидан, бугунги дориламон замондан деб билади. Фақат унинг болалари, неваралари эмас, бошқа ҳамқишлоқларига қараб туриб ҳам уларнинг ўз меҳнати ортидан қадр топаётганини ҳис қилади. Буни одамларнинг уй-жойидан, яшаш тарзидан билса бўлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Гулистон қишлоғида шинам ва замонавий уйларнинг сони кундан кунга ортиб бораяпти. Иштиёқманд ва ғайратли ёш оилалар бир-биридан ўрнак олиб кўплаб янгиликка қўл ураяпти. Бундай уйлар, бежирим иморатлар қишлоқ кўркига кўрк қўшиб турибди, гўёки шаҳардаги замонавий уйлар билан беллашмоқчи бўлгандек. Ҳа, янги уйларнинг бунёд этилиши юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётгани, ободончилик ва маъмурчилик янада ривож топаётганидан далолат эмасми?!
Абдивой РАҲИМ, Қамаши тумани.