Меню
Қашқадарё
БЕЗАКЛИ МАРМАР БЎЛАКЛАРИ ТАЙЁРЛАНМОҚДА
Косон туманидаги "Оригинал қурилиш мармар" масъулияти чекланган жамиятида безакли мармар бўлаклари тайёрланади. Яратилган шарт-шароитлар мазкур тадбиркорлик субъектининг иқтисодий кўрсаткичлари йилдан-йилга яхшиланиб боришига туртки бўлаяпти.
- Икки йил аввал корхонамизда ишлаб чиқаришни бошлагандик, - дейди корхона раҳбари Сайрам Носиров. - Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун тижорат банкининг 20 миллион сўм миқдоридаги кредити ва 80 миллион сўм ўз маблағимизни йўналтирдик. Натижада цехимизни замонавий дастгоҳлар билан жиҳозладик, янги иш ўринлари яратдик. Айни вақтга келиб маҳсулдорлик анча ошган. Ҳозирги пайтда кунига ўртача 30 квадрат метр ҳажмдаги безакли мармар бўлакларини ишлаб чиқараяпмиз.
Маълумки, юртимизда тадбиркорга фаровон жамият бунёдкори сифатида қаралаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ишбилармон ўзи учун даромадли ишни ташкил этиш баробарида қанчадан қанча одамнинг бандлигини таъминлайди. Қолаверса, ички бозор тўкинлигига ҳисса қўшади. Ҳукуматимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилаётгани замирида ҳам шу жиҳатлар мужассам.
М.ЖЎРАЕВ
Суратда: Косон туманидаги «Оригинал қурилиш мармар» МЧЖ фаолиятидан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.