Меню
Қашқадарё
БЕШИКСОЗЛАР СУЛОЛАСИНИНГ ДАВОМЧИСИ
Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи бешикчи уста Ашраф Аминов ҳам отасининг ҳунарини пухта ўзлаштириб келаётган ёш ҳунарманд бўлиб, у бешикчилар сулоласининг тўртинчи авлоди.
- Бешиксоз уста бўлиш осон эмас, - дейди Ашраф Аминов. - Бешик ясаш ўзига хос машаққатли иш. Ёшлигимдан отамдан қунт ва сабр билан бешик ясаш сир-синоатини ўргандим, тажриба орттирдим. Эндиликда ўзим мустақил фаолият олиб бормоқдаман.
Чиндан ҳам бешик ясаш залворли юмуш. Ашраф буни ўқувчилик кезларидаёқ англаб етган эди. Ўшанда 4 ё 5 синфда ўқирди. Мактабдан келиб, кенг саҳнли айвонда отасининг ёғоч бўлакларига қўлда ишлов бераётганини кўриб, унинг яқин кўмакчисига айланди. Сайқалланган ёғоч бўлакларини бешикка ўрнатишда ёрдам берди. Аста-секин ота касбини ипидан-игнасигача ўрганди.
- Эсимда, бир куни отам менга ёғоч бўлагини бериб, ундан ўроқ учун даста ясашни тайинлади, - деб эслайди Ашраф. - Биласизми, ўшанда бу ишни уддалай олмасам керак, деб ўйладим. Лекин кўнглимдаги ҳавас ўз-ўзимга ишонч уйғотди. Бир парча ёғоч бўлагига анча вақт ишлов бердим. Ниҳоят, даста тайёр бўлди. Отам ишимни кўриб “Балли, ота ўғил, даста жуда соз ясалган”, дея берган баҳоси менга ҳалигача битмас-туганмас рағбат бўлиб келмоқда.
Ўшандан буён уста Ашрафнинг бу ҳунарга бўлган меҳри жўшиб, уни янада иштиёқ билан ўрганишни бошлади. Ёғоч билан тиллашди, бор меҳрини, куч-ғайратини унга бағишлади. Ана шундагина бир дона соз бешик тайёрлаш ва яратиш учун камида бир ой муддат кетишини, унга туну кун парвона бўлиш сабоғини англаб етди.
- Бешик ясаш учун асосан тут, тол, терак дарахтларининг пишиқ, равон ва кўстсиз (кўзи бўлмаган) тана қисмларидан хомашё оламиз, - дейди бешиксоз. – Ҳар хил ҳажмдаги тахтачаларни жамлаб, бешикнинг энг қийин жойлари - унинг қасноғи ҳамда таг қисми учун махсус ясаладиган бешик йўрғасини алоҳида қунт ва эътибор билан ишлаб чиқаман. Бешик енгил ва осон, қулай тебраниши ҳамда узоқ чидайдиган, мустаҳкам, пишиқ бўлишига аҳамият қаратаман.
Бу хонадонга яхши ният билан кўпчилик келади. Булар – устанинг мижозлари. Уста ясаган бешиклардан кўнгли тўлиб, хурсанд бўлиб қайтишади. Бешиксоз эса ҳунари ортидан рўзғор тебратади, ҳам одамлар орасида иззат-ҳурмат топган.
Ҳозирда ушбу ҳунарни ўрганиш пайида бўлган маҳалласининг бир қанча ёшлари Ашраф устага шогирд тушиб, бешикни қандай тайёрлашни ўрганишмоқда. Ёшлар орасида ана шундай миллий ҳунарларга бўлган иштиёқ, ҳавас бор экан, бешикчилик ҳунари ҳам сайқал топиб бораверади, қолаверса, ҳунарманд томонидан ясалган бешикларда саодатли юртнинг бахтиёр фарзандлари улғаяверади.
Дилфуза ЖУМАЕВА