Меню

Қашқадарё

03.12.2019 1044

БЕШ КИШИ КЎМИР, ТЎРТ КИШИ ТАНДИР ЧЎҒИДАН ЗАҲАРЛАНДИ

Мавсумий муаммо

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига жорий йил 25 ноябрь куни тунги соат 02:40 да бир оиланинг 5 нафар аъзоси ис газидан заҳарланган ҳолда келтирилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Қарши шаҳри Кат маҳалласидан 37 ёшли Ш.Т., 32 ёшли Г.Х., 13 ёшли Ш.Н., 11 ёшли Ш.Н. ва 4 ёшли Э.Н. хонадонда кўмир ёқиш натижасида ис газидан ўрта оғир даражада заҳарланишган.

Маълум бўлишича, хонадон соҳибининг кечқурун кўмир чўғида кабоб тайёрлагани ва қолган чўғни уйга олиб кириб қўйганлиги мазкур нохуш ҳодисага сабаб бўлган. Айни пайтда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 26 ноябрь куни тахминан соат 22:00 да Қарши тумани Парғуза қишлоғилик Ш.Б. хонадонида тўрт киши ис газидан заҳарлангани қайд этилган.

Аниқланишича, ушбу нохуш ҳодисага тандирда ёқилган ўтин чўғи уйга олиб кирилгани сабаб бўлган.

Мазкур оиладан хонадон соҳиби, 45 ёшли Ш.Б. енгил заҳарланган, унга амбулатор ёрдам кўрсатилган. Оиланинг бошқа аъзолари - 41 ёшли Т.В., 17 ёшли Ж.Т., 9 ёшли Ш.Т. ис газидан ўткир заҳарланиш ўрта оғир даражаси ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ётқизилган.

Беморларга тажрибали шифокорлар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!