Меню

Қашқадарё

19.10.2017 2169

БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ОДОБИ

- Муқаддас динимиз инсонларни меҳр-мурувватга, эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади, - дейди Косон тумани “Катта масжид” жомеъ  масжиди имом-хатиби Намоз Абдуллаев. - Раҳмат қирраларининг энг буюкларидан бири эса динимиз кўрсатганидек заиф-бечоралар, бемору хасталарга кўрсатилган раҳмат, меҳр-шафқатдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни “Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!” дейди. Одам: “Эй Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?” дер. Аллоҳ: “Билмадингми, бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг” дейди”. “Ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг”, дейиши, ўша ишнинг савобига ноил бўлардинг, деганидир.

Маълумки, касаллик киши ҳолини маҳзун, аъзоларини эса заиф қилиб қўяди. Бундай вазиятда инсон боласи меҳр-мурувватга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож бўлади. Динимиз бундай бетобларнинг ҳолидан хабар олиб туришга, уларнинг кўнглини кўтаришга ҳамда бир оз бўлса-да, дардини енгиллатишга буюради.

Яна бир ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) Салмон Форсийни касал бўлганда кўргани кириб, дедилар: “Сенинг  бу ётишингда учта хислат бор. Роббингдан эслатма, поклик ва олдинги гуноҳларингга каффорат, касал кишининг дуоси мустажобдир, қодир бўлганингча Аллоҳга дуо қил”.

Ислом беморга меҳрибонлик кўрсатишда шунинг ўзи билан чекланиб қолмайди, балки, уни зиёрат қилишни бошқа биродарлари устидаги ҳақларидан бири этиб белгилайди. Ҳадисларда келтирилишича, беш нарса мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳақларидан ҳисобланади: саломга алик олиш, акса урганда жавоб айтиш, меҳмонга чақирганда бориш, касал бўлганда  зиёрат қилиш ва жанозасида қатнашиш.

Одатда хаста кишининг ҳузурига кирганда очиқ юз, хуш кўнгил билан салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўралади. Бу энг тўғри йўл. Бирор етишмовчилиги бўлса кўмаклашиб юбориши ёки ўзи билан озроқ ҳадя олиб бориши мақсадга мувофиқ. Касал ётган жойга яқинроқ, иложи бўлса бош томонига ўтирилади ва беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, ундан ирганмай, ҳазар қилмай, яхши сўзлар билан кўнглини кўтарадиган гаплар гапирилади. Унга дард вақтинчалик, беморлик эса Аллоҳнинг бир неъмати экани айтилади, тузалиб кетишини сўраб дуо қилинади. Унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди. Беморга шовқин-сурон ёқмайди. Борганда паст овозда, табассум билан гапириш, уни  толиқтириб қўймаслик учун олдида камроқ ўтириш лозим. Хасталиги ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш мумкин эмас. Халқимизда кечки пайт касал кўришга борилмайди, деган қараш бор. Чунки бу пайтда дард кучаяди, бемор чарчаб, оромга шайланган бўлиши мумкин. Бемор зиёратидан тураётганда, унинг ҳақига дуо қилиб, “худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетасиз” каби сўзлар билан кўнглига тасалли берилади. 

Афсуски, ҳаётда бу қоидаларга кўпда амал қилавермаймиз. Баъзан уқувсизлигимиз, илмсизлигимиз ёки фаросатимиз етишмаслиги, муомала маданиятини билмаслигимиз сабаб хижолатли вазиятлар келиб чиқади. Беш қўл баробар бўлмаганидек, одамлар ҳам ҳар хил. Кимдир бемор ётган киши ҳолидан хавотирланиб, унга ачинганидан ёки кўнглини кўтариш мақсадида борса, яна кимдир унинг қандай касал эканини билиш учун боради.

- Беморни зиёрат қилиш касал кишига руҳий мадад бўлади, у ўз дўстлари олдида қадри-қиммати борлигидан хурсанд бўлиб, яшашга бўлган иштиёқи янада кучаяди, - дейди фахрий ўқитувчи Эшим Зоиров. - Беморнинг кайфияти кўтарилиши эса, касалликни енгишга хизмат қилади. Бу пайтда бир оғиз ўйланмай гапирилган гап билан унинг дардини оғирлаштириш, ёки аксинча, кўнглини кўтарувчи бир сўз уни ҳаётга қайтариши мумкин.

Маълумки, касал ётган одам ёғли, қуюқ, хамирли ёки қовурилган, шўр овқатлар, алкоголь ичимликлар истеъмол қилиши мумкин эмас. Аммо кўпинча беморни кўргани бораётганимизда унинг парҳезда эканини унутамиз. Унга фойдали бўлган мева-сабзавотлар ёки ундан тайёрланган шарбатлар, парҳез егуликлар олиб бориш ўрнига  қовурилган, дудланган овқатлар, спиртли ичимликлар олиб бориб гўёки “ўзимизни кўрсатамиз”. Бу маҳсулотлар беморга қанчалик зарарли эканини ўйлаб кўрмаймиз.

- Оғир касалликлар билан оғриган ёки жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморларга шовқин-сурон ёқмайди, - дейди шифокор жарроҳ Акбар Жумаев. – Бизда эса касални кўргани 3-4 киши бўлиб келишади ва барчаси бир вақтнинг ўзида ёнига кирмоқчи бўлишади. бу мумкин эмаслигини айтсак-да, баъзилар тушунишни исташмайди.

Демак, ҳар ишда бўлгани каби, бу нозик масалада ҳам албатта меъёрни унутмаслик лозим. Касал кўриш унга ўзининг келганини пеш қилиш эмас, балки иссиқ жон иситмалаганида дардига шифо тилаш ва қўллаб, мадад бўлиб туришдир. Бу зиёрат эса хастанинг ҳолатини оғирлаштирмаслиги, аксинча, унинг руҳиятини кўтариши лозим.

С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!