Меню

Қашқадарё

13.03.2020 1789

БЕМАЪНИ ИШЛАРИНГИЗДАН ҚАЧОНГАЧА МАЪНО АХТАРИБ ЯШАЙМИЗ?

(Пичингга тоби йўқлар ўқимасин)

Эркин фикр

Ҳей оғайнилар, эътибор бераяпсизми, қандайдир, муаммолар кўпайиб кетаётгандай туюлаяптими сизга ҳам? Телевизорни қўйсангиз, маддоҳ журналистлар оғзидан тупук сачратиб бир нарсаларни буюк ҳаяжонга тўлиб валдирайди, интернетга, ижтимоий тармоқларга кирсангиз - ҳаётимиз муаммо билан тўлиб-тошгандай.

Энг ёмони, аслидаям шундайлигида. Шунинг учун ҳам одамларнинг кўзи телефондан узилмаяпти-да. Аслидаям кўп газеталарнинг инқирозига мажбурий обуна чеклангани ёки обунасизлик тегирмонига турли сайтлар сув қуйиб тургани сабаб эмас, газеталаримиз ўз вақтида ёлғонни кўп ёзди, одамлар унда ўзини кўрмай қўйди. Қозонда бори чўмичда бўй кўрсатганидай, ҳаётнинг оқу қорасини акс эттиришни "йўл" очилди дегунча интернет илиб кетди ва миллионлаб аудиторияни ўзида жамлади. Лекин ҳозир бу ҳақда фикр юритиш ниятимиз йўқ, ҳазрат Навоий "Ҳар не истарсен, ўзингдан истагил" деганларидек, газеталар ҳам ҳаракатига яраша натижага эришди - минг ёзғирган билан фойдаси йўқ.

Лекин одам деган ҳар турли муаммолар, бемаъниликлардан маъни чиқаришни ҳам билиши керак, тўғри эмасми?

Бир-икки кундан бери қишлоқда "свет" ўчяпти. Билсам, бундан шаҳарларимиз ҳам четда эмас экан. Нима, энди шунга "кашпес" деган идорадагиларни етти пуштини қолдирмай бўралатиб сўкиш керакми? Қайтага яхши бўлди: аввал битта телевизор икки ўртада роса овораю сарсон бўларди ҳали "Болажон", ҳали "Футбол ТВ"га олинавериб. Мана, "свет" бўлмагани учун болалар билан топишмоқ, шеър, қўшиқ айтиш ўйнадик, вақтимиз анча унумли ўтди. Болалар билан охирги марта қачон шундай бемалол, мароқ билан вақт ўтказганимни эслай олмадим.

Ҳа шуни "кашпес"дагилар ҳам билади-да. Кейинги вақтда кўп одамлар иш, ташвиш билан бўлиб, боласига, оиласига вақт тополмаяпти. Ходимлар шанба-якшанба кунлари ишламасин, деб адлия, меҳнат идоралари текширишлар ўтказаётганига қарамай, айрим ташкилотлар ходимлари азбаройи ишлагиси келганиданми, шанба-якшанбада ҳам ишхонага келиб, эшикни ичидан қулфлаб олиб ишлаётганмиш. Кечки 6 дан кейин идорада ҳеч ким қолмасин, дейилса-да, ҳокимият тизимидагилар ярим тунда уйга қайтишдан ўзларини тийиб туролмаётганмиш.

Шундай пайтларда уйга борганингда, "свет" бўлмаса, қандай яхши. Овқат еб, телевизор қаршисида ухлаб қолмайсан, болалар билан ўйнасанг, чарчоқ чиқади, еган-ичганинг ҳам ҳазм бўлади. Бунинг учун электр таъминоти идорасидагиларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсанг арзийди.

Боз устига "лип" этиб чироқ ёниб қолганда, болаларнинг севинганини айтмайсизми? "Свет"и ҳеч қачон ўчмайдиган шаҳарларнинг болалари бу қувончни қайдан ҳис қилсин?!

Сиз ўйлайсиз, электр таъминотига масъуллар трансформаторларни таъмирлаб, хизмат сифатини яхшилаяпти, мана, бунинг учун чет эллик ҳамкорларни ҳам жалб қилишибди, бу кетишда яқин-орада "свет" нархи ҳам анча арзонлашиб қолади, ё бўлмаса, электрни четга хемири нархда сотиб юборишади, деб.

Йўқ, масъулларимиз оила даврасида кўпроқ бўлишимизни, меҳр-оқибат ришталари узилмаслигини, "свет"га кетадиган фалон минг сўмлик пулимиз ёнимизга қолишини исташяпти. Тўлов кам бўлгандан кейин бўлар-бўлмасга "мажбурий ижро"нинг бадқовоқ ходими ҳам эшик тақиллатиб келмайди - тинчингиз бузилмайди.

Яқин тарихни эсланг: ота-боболаримиз бир уйга жам бўлиб, "Алпомиш", "Гўрўғли" ўқишган, бундай қаҳрамонлик достонларини эшитиб улғайган болалар ҳам мард, танти бўлиб улғайган. Агар ўша вақтларда ҳам "свет" ёнганида нима бўларди? Ҳамма "бир кўзли махлуқ" - телевизор қаршисидан кетгиси келмасди. Балки шунинг учун ҳам ҳозир орамизда Алпомишу Гўрўғлидай мард, алплар эмас, ҳар масалани "ўраб" ташлайдиган "ўргимчак-одам"лару ҳиссиз-туйғусиз роботсифат кимсалар кўпайиб бораётгандир?!

Ёки газ йўқлигини олинг. Қишлоғимизнинг баландроқ нуқтасидан тун чўкар маҳали ён-атрофга назар солсангиз, гирд-атрофимизда газ минораларида ловуллаётган олов кўринади. Ҳатто бир неча йил олдин қишлоқнинг ўзида ҳам ана шундай миноралар бўй чўзди. Лекин аҳолининг ҳаммаси газ баллон ишлатади. "Райгаз"да баллонни тўлдириш инсофсизроқ ходимнинг чекига тушиб қолган пайтларда эса баллондаги газ ой охиригача ҳам етмайди. Яхшиямки, жонажон таппилар бор ва ҳозирча ундан фойдаланганга, таппидан чиқадиган тутунга солиқ солинганича йўқки, қийин кунингизда жонга ора киради.

Сиз ўйлайсизки, газни ўзимизнинг одамларга бермай, жуда арзон нархларда четга сотяпмизми? Йўқ-да, газга мутасадди раҳбарлар ҳар нарсанинг қадрига етишга ўргатаяпти одамларимизни. Шундай қилишмаса, шунча таппини нима қилардик? Ҳамма жойни чиқинди босиб кетарди. Бир маҳаллар ғўзапоя далада чириб ётарди, ғалла экиш яқин қолганда, бригадирлар одамларга илтимос қиларди яна бир-икки тележка ўтин олиб кетишни. Мана ҳозир бир тележка ғўзапояни 500-600 мингдан камига тополмайсиз, яна уям лайлак уядай кўрингани билан мавсумни ўтказишга аранг ярайди.

Шундай экан, бугун таппини қадрламасак, эртага газнинг ҳам қадрига етмай қўямиз. Ҳар ҳолда ҳар нарса ўлчов-миқдорли даврда яшаяпмиз. Айтишларича, дунёнинг айрим жойларида шуям йўқ эмиш.

2-3 йил олдин бир газ баллонни тўлдириш 7 минг сўм атрофида эди, энди 25 минг. Ўйлайсизки, газ ва хизмат сифати яхшилангандир, деб. Йўқ, ҳаммаси ўша-ўша: шунчаки оддий нарсаларни ҳам қадрлаш дарсини ўтаяпмиз.

 Тўрт-беш кундан бери "кун мавзуси"га айланган автомашиналар нархи бирданига тўртдан бир бараварига кўтарилганини олинг. Ҳар ҳолда 10-20 миллион сўм кам пул эмас. Буни эшитган ҳар қандай одамнинг хаёлидан, ҳа, нарх ошган бўлса, машинанинг ҳам қайсидир функцияси яхшиланган, такомиллашган, дейлик, фойдаланиладиган металл яхшисига алмаштирилган ёки кондиционерими, печкасими, рули ё эшигидаги бирор камчилик йўқотилгандир-да, деган фикр ўтиши табиий. Хомтама бўласиз, ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Ўзгариш фақат нархда бўлади.

Нима, мошин ишлаб чиқарадиганлар "Бизни божхона ҳимоя қилади, четдан келадиган автомобилларга бож миқдори баланд экан, нонимиз бутун, бизни ҳеч ким синдиролмайди, шунинг учун хоҳлаган нархимизни қўйиб олаверамиз, одамлар хоҳласа-хоҳламаса олишга мажбур", деб ўйлашяптими?

Бунақа содда бўлманг-да. Мошин ишлаб чиқарувчилар бизнинг саломатлигимизни ўйлашаяпти. Маълумотларга кўра, биргина Қашқадарёнинг ўзида бир неча минглаб кишилар қон босими юқорилигидан, юрак касалликларидан азият чекаркан. Яна ўн минглаб кишининг юрагига зудлик билан найча ўрнатиш керак экан. Хўш, бу касалликларнинг бари нимадан келиб чиқаяпти? Кам ҳаракатлиликдан-да! Тўрт метр жойгаям машина миниб боргандан кейин, гўштни олд-ортига қарамай уравергандан кейин юрак ё ошқозон темирдан бўлса ҳам дош беролмайди-да.

Мошинчиларимиз шуни ўйлаб, биз ҳақимизда астойдил қайғуриб, "Автомобилларни қимматроқ қилмасак бўлмайди, мошин харид қиладиганлар кўпайиб кетяпти, бу туришда ҳаммаёқни касал босиб кетади" деган ўйда нарх кўтаришнинг турфа йўлларини ўйлаб топишаяпти. Бунинг учун уларни қанча дуо қилсак, ота-онасига раҳмат айтсак арзийди.

Бир киши моянасидан чегириб, емай-ичмай, энди мен ҳам мошинга яқин келдим, деганда нархлар бирданига сакраб кетса, нима қилади? Тинчгина   пиёда юради - шунда соғлом ҳам бўлади. Тўғрими?

Бир кило гўштнинг нархи 55 минг сўм эканига ҳам ҳайрон бўлманг. Аслида муаммонинг ечими бор - чорванинг озуқасини пуллайдиган валломатлар бир сиқувга олинса бас, ем нархиям, гўшт нархиям дарров тушади. Лекин кўп гўшт еяверсак, боя айтганимиздай касаллик ҳам кўпаяверади. Шуни ўйлашади-да.

Яқинда бир танишим Германияда бўлиб келди. У ерда вақтинча бирга ишлаган киши идорага доим велосипедда келаркан. Ойлигинг фалон пул, машина олсанг бўлмайдими, деса, бояги немис, гаражда "Феррари"м бор, экологияни бузгим келмайди, дебди.

Бизнинг мошинчилар ҳам шу-да, экологияни ўйлашади. Машина нархини қанча қиммат қилиб қўйса, камроқ одам оладими, шундай бўлса,    ифлос газлар ҳам ҳавога камроқ ажраладими? Ҳаётга ўнг кўз билан ҳам қараш керак-да.

Йўлларимиз, дейсизми? Энди, ошна, ўнқир-чўнқир йўлда машинада ё велосипедда силкиниб юрасизми, ё пиёда ҳолда ёғин-сочинли дамларда сакраб-сакраб тўғри йўл қидирасизми, ҳаммаси соғлиқ учун фойдали. Беминнат гимнастика.

Тўғри, сиёсатга аралашмаган маъқул, лекин шу чоғда ҳокимларимиз ҳақида ҳам сўз юритмасак бўлмайди. Ўйлаб кўрганмисиз, нега улар уронғичу сўконғич? Бошқалар шу иши сабаб ишдан, сиёсатдан супуриб ташланса-да, ҳокимбувалар оғзи шалоқликдан ўзларини тийиб туролмайди.

Балки "Айрим ҳокимлар одамлар билан ишлашни билмайди, аввалги уриб-сўкадиган замонлар ўтиб кетди, энди келишиб-кенгашиб ишланган жойда барака бўлади, боз устига ҳозир тайинланаётган (тасдиқланган эмас) ҳокимларда раҳбарлик сиёғи йўқ, қуруқ савлат билан, уриб-сўккан билан ишлар силжиб қолмайди, қолаверса, ишини эплолмаган ҳокимларимизга жуда кўп имкон бериб юборилаяпти, бир хато қилса, кечирим сўраб қутулаяпти, жуда бўлмаса, бошқа ҳудудга ҳоким қилиб юборилаяпти, бундаям бўлмаса, вақтинча четга чиқариб қўйилгандай кўрсатилиб, вақт ўтиб, бирор бошқармага ўринбосарми, бошлиқми қилиб қўйилаяпти, шуми мантиқ" деган хаёлларга бораётгандирсиз.

Лекин масалага ҳоким томондан туриб боқинг: улар бизни яхши бўлсин, деб уриб-сўкаяпти-да. Бўлмаса, нима зарил уларга қўлини оғритиб, оғзини "унитаз"га айлантириш?!

Хуллас, ҳаммаси бизнинг фойдамизга.

Лекин ўғриликда гумон қилинган одамни сўроққа чақириб, уриб ўлдириб қўядиган ички ишлар ходимининг, ходимларига коррупция ҳақида ваъз ўқиб, "Пул олманглар, демайман, олинглар, фақат эҳтиёт бўлиб" дейдиган раҳбарнинг, сайлангунча олам-олам ваъдалар бериб, ўрнига яхшилаб жойлашиб олгач, одамларга осмондан туриб боқадиган депутатнинг, ишсиз кишиларга иш топиб беришга ихтисослашган ташкилот масъуллари ҳузурига олий маълумотли мутахассис келганда бизда ўрта махсусга мос иш бор эди деб, коллежни тугатган бирови иш сўраб борганда эса олий маълумотли керак, деб қайтариққа одатланган тизим, бекор юрган ёшларни йиғиб, тўп тептириб, эвазига бир баклашка ёғми, совунми тарқатадиган, нари борса фахрий ёрлиқ билан алдаб қўядиган ёшлар ташкилотини, ўзи мардикорликка кетадиган одамларни алдаб пулини шилийдиганларни ва шунга имкон яратиб қўйганларни, амалдан кўра қоғозларда акс этаётган "ислоҳот"ларни ва ҳоказоларни ва ҳоказоларни нима деб изоҳлашга ҳайрон қоласан одам.    

Лекин ҳамма нарсанинг чек-чегараси бор: бас, етар, мутасаддилару ҳокимбувалар (дарвоқе, энди улар орасида ҳоким опалар ҳам бор)! Бизнинг фойдамизни, манфаатимизни кўп ўйлаб юбордингиз. Одамлар қандай яшашни, нима керагу нима керак эмаслигини ўрганиб олишди. Қайта ўргатишга ҳожат йўқ.

Свет, газ, сифатли йўл, арзон нархлар - кишининг бирламчи эҳтиёжлари. Сизлар шуни таъминлаб бериш учун қўйилгансизлар. Аммо сизлар қилаётган кўп ишлар бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Одамлар-ку ҳар қанча бемаънилик бўлса ҳам маъни чиқариб, шукур қилиб яшайверади. Аммо токайгача бунга виждонингиз йўл қўяди?

НАСРИДДИН

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!