Меню
Қашқадарё
БЕЛАРУСЛИК ҲАМКОРЛАРНИНГ ЖАВОБ ТАШРИФИ
Қашқадарё ва дунё
Беларусь Республикаси Витебск вилояти раҳбари Александр Михайлович Субботин бошчилигидаги делегациянинг Қашқадарёга ташрифи доирасида бир қатор муҳим келишув ва шартномалар имзоланиб, кўплаб музокара ва учрашувлар ташкил этилди.
Эслатиш жоизки, жорий йил август ойида вилоятимиз делегацияси Витебск шаҳрига бориб, нефть-кимё саноати ва енгил саноат, аграр соҳа, фармацевтика ва ветеринария препаратлари ишлаб чиқариш ҳамда илмий-техник ва инновацион фаолият яхши ривожланган мазкур ҳудуд билан ҳамкорлик келишувини тузиш ва уни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш юзасидан музокаралар ўтказган эди.
Беларуслик ҳамкорларнинг Қашқадарёга жавоб ташрифи чоғида эса Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси А.М.Субботинга ҳудуднинг иқтисодий блоки, агросаноат комплекси ва ёғочни қайта ишлаш саноати корхоналари, "Витебск" эркин ва "Бремино-Орша" махсус иқтисодий зоналари раҳбарлари, олий таълим муассасаларининг ректорлари ҳамроҳлик қилишди.
Ташриф аввалида делегация аъзоларининг вилоят ҳокими Муротжон Азимов билан расмий учрашуви пайтида томонлар ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида бир қатор битимлар имзоланди.
Шундан сўнг меҳмонлар вилоятимизда Беларуснинг айнан Витебск вилоятида жойлашган "Марко" холдинги билан ҳамкорликда ташкил этилган Қарши шаҳридаги "UzShoes" қўшма корхонасига бориб, йилига 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган бу замонавий саноат объектининг бугунги фаолияти ва истиқболлари билан қизиқишди.
Ташриф давомида Беларусь вакиллари вилоятимиздаги яна бир қатор корхоналар - "Sulton Tex Group" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги пахта-тўқимачилик кластери, синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Uzbekistan GTL" заводи, "Буюк Турон" кичик саноат зонасида жойлашган телевизорлар ишлаб чиқарувчиси "Alp Texno Servis" хусусий корхонаси, Нишон туманидаги чорва-наслчилик комплексига ҳам ташриф буюриб, воҳамизнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида кенг тасаввурга эга бўлишди ва уни жуда юқори баҳолашди.
Шунингдек, Витебск вилояти делегацияси Қарши шаҳридаги Президент мактаби ва Қарши давлат университетида ҳам бўлиб, ёшлар учун таълим олиш борасида яратилган шароитлар билан танишди. Дарвоқе, ташриф доирасида Қашқадарё ва Витебск олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Масалан, Қарши давлат университети ва П.Мaшеров номидaги Витебск дaвлaт университети профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илмий конфренциялар ўтказиш, ҳаммуаллифликда илмий мақолалар чоп эттириш ва қўшма таълим дастурларини ташкил этиш каби масалалар юзасидан муҳим келишувларга эришди.
Витебск вилояти раҳбари Александр Субботин бошчилигидаги делегациянинг Қашқадарёга ташрифи Шаҳрисабз шаҳри тарихий марказига саёҳат билан якунланди.
Ўз мухбиримиз