Меню
Қашқадарё
БЕҲУДА НАРСАНИ ТАРК ҚИЛИШ – ГЎЗАЛ ХУЛҚДИР
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз умматларга қисқа сўз билан гўзал хулқни ўргатмоқдалар. Банда бу билан дунё яхшиликлари ва охират саодатига эришади. Олимлар: “Расулуллоҳ муборак ҳадисларида ислом динининг ярмини ифодаладилар. Чунки дин солиҳ амални бажариш ва гуноҳни тарк қилишдан иборат. Мазкур ҳадис ёмонлик ва манфаати йўқ амалларни тарк қилиш лозим эканига далилдир”, дейишади. Имом Абу Довуд (раҳматуллоҳи алайҳ) мазкур ҳадис фазилати ҳақида бундай дейди: “Сунан асарларининг асоси бўлган тўртта ҳадис бор. Улардан бири юқоридаги ҳадисдир”.
Дарҳақиқат, кишиларнинг беҳуда нарсаларга берилиб кетиши бахтсиз бўлишнинг асосий омилидир. Имом Шофеий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсоннинг ақли уч нарса билан зиёда бўлади. Олимларнинг суҳбатида бўлиш, яхшилар билан бирга ўтириш ва беҳуда сўзни тарк қилиш”. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Мўминлар нажот топдилар… Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар”.
Ислом дини жамиятнинг тинч-осойишта бўлиши, одамлар низо ва хусумат қилмай, дунёда бахтли ҳаёт кечиришига замин яратади. Жамият аъзолари бахтли бўлиши учун эса улар бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари, бошқалар билан дўстлашиб, ҳурмат қилишлари даркор. Ўз навбатида дунё ва охиратда манфаати бор нарсалар билан банд бўлиш керак.
Фойдасиз нарсалар билан шуғулланиш инсоннинг иймони заиф эканига ишорадир. Одам дунёда яшаркан, атрофида турли кишилар ва ҳар хил машғулотларга дуч келади. Инсон атрофидаги барча билан алоқа қилаверса, фойдасиз ишлар билан шуғулланаверса, зиммасидаги асосий вазифа, бурч ва мажбуриятларини бажара олмайди. Бунинг натижаси эса яхши бўлмайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (“Исро” сураси, 36-оят).
Ҳар бир киши айтган сўзи, ўтказган сониясидан сўралади. Вақтни зое қилиб, лағв сўзларни гапириб умр ўтказганлар нажот топмайди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир саҳоба вафот этди. Бир киши: “Жаннат муборак бўлсин”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай дема! Сен билмайсан, балки, у беҳуда сўзларни гапиргандир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Манфаатли юмуш билан банд бўлиш саломатлик ва нажот йўлидир. Инсон зиммасидаги мажбуриятларини билса ва масъулиятини ҳис этса, у ўзини шу иш билан банд қилади. Шунингдек, дунё ва охиратда бахтли бўлишига сабаб бўладиган ишга машғул бўлади, ортиқча нарсаларни тарк қилади. Луқмони Ҳаким (раҳимаҳуллоҳ)дан “Бундай фазилатга етишишингизга нима сабаб бўлди?”, деб сўрашганида “Фойдасиз нарсаларни тарк қилиш”, деб жавоб берган экан.
Агар киши фойдали иш билан банд бўлса, ёмонлик ва гуноҳлардан тийилади. Натижада хулқи гўзал, иймони мустаҳкам ва тақвоси қувватли бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким динини гўзал қилса, бажарган битта яхши амали ўнтадан етти юзтагача кўпайтириб ёзилади”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Манбаларда таом, ичимлик, кийим, яшаш жойи каби инсон ҳаёти учун зарур ашёлар ҳамда дунё ва охиратда саломат бўлишига боғлиқ ишлар фойдали амаллар сирaсига кириши зикр қилинади. Бундан бошқа нарсалар беҳудадир. Демак, инсон ҳожатидан ташқари дунёвий мақсадларнинг кераги йўқ. Жумладан, ортиқча бойишни орзу қилиш, мансаб хоҳлаш, бошқаларнинг мақтовини яхши кўриш кабилардан сақланиш фойдалидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Раббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир” (“Тоҳо” сураси, 131-оят).
Шу билан бирга, кишига манфаати йўқ турли ўйинлар, ҳазил-мутойиба каби мубоҳ амаллар ҳам фойдасиздир. Мўмин-мусулмонлар бундай ишларни тарк қилишлари гўзал хулқ саналади. Чунки мазкур ишлар бебаҳо вақтни зое кеткизади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Банданинг беҳуда нарсалар билан банд бўлиб қолиши ундан Аллоҳ таоло юз ўгирганининг белгисидир”.
Бундан кўринадики, фойдали иш билан банд бўлиш бандани Аллоҳ таолога яқин қилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фойдали нарсага ҳарис бўлгин”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Умр – қисқа, бир зумлик соядек ўтади-кетади. Шундай экан, бу қисқа умрни фақат фойдали, манфаатли ишлар билан ўтказайлик!
Муҳаммади МУКАРРАМОВ,
Косон тумани бош имом-хатиби