Меню

Қашқадарё

10.03.2020 2363

БЕҲБУДИЙНИНГ ҚАБРИ ҚАЕРДА?

Тадқиқот

Қарийб бир асрдан буён бу савол долзарблигича қолмоқда. Машҳур жамоат арбоби, ўзбек драматургияси асосчиси, олим, публицист, ёзувчи Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) ҳаётининг сўнгги кунлари бевосита Қарши билан боғлиқ.

18 ёшидан қозихонада мирзалик қилишни бошлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий вақт ўтиб, қози, муфтий даражасига кўтарилади. Ҳаж сафарида бўлиб, Арабистон, Миср, Туркия каби давлатларни кезиш баробарида унда маърифатпарварлик ғоялари шаклланади. Чет элдаги тараққиётни юртимизда ҳам кўриш ниятида янги усул мактаблари очади, асарлар ёзади, саҳна асарлари намойишини йўлга қўяди, газета-журналлар чиқаради. Умуман, миллатнинг зиёли бир фарзанди қўлидан келадиган ҳамма ишни қилади.

Табиийки, унинг тараққийпарвар ғоялари шўро расмийларига маъқул келмаган. Шу сабаб Беҳбудийга нисбатан босимлар кучайган. Охир-оқибат мамлакатдан чиқиб кетишга аҳд қилган Беҳбудий 1919 йилнинг эрта баҳорида Шаҳрисабзда қўлга олиниб, ҳамроҳлари билан Қаршидаги зиндонга ташланади ва қатл этилади. Бу воқеа, у туғилиб, фаолият кўрсатган Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. Фитрат, Чўлпон,  Айний ва бошқа ижодкорлар Беҳбудийга атаб   марсиялар ёзишган. Қолаверса, Қарши шаҳри 1926-1937 йилларда Беҳбудий номи билан юритилган.

Хўш, Беҳбудий абадий қўним топган маскан қаерда ўзи? Бу борада таниқли олимлар - Бегали Қосимов, Поён Равшанов, Умид Бекмуҳаммад, ижодкорлар - Самар Нуров, Чори Ҳамро, Шарофат Ашурова каби кўплаб илм аҳли томонидан изланишлар, тадқиқотлар олиб борилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш, шунингдек, таваллуд кунларини кенг нишонлаш бўйича алоҳида тўхталиб ўтилганидан хабарингиз бор. 2020 йилда   халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади.

Президент "Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол  тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади", деб алоҳида таъкидлади.

Ушбу фикрлардан қувватланиб, профессор Поён Равшанов, вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори Баҳодир Мамадиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда қатор ижодкорлар билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги "Эшон шаҳид" қабристонида улуғ аллома Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўнгги манзилини аниқлаш бўйича изланишлар бошланди.

Бунда турли манбалар, олимлар фикри ўрганилиб, кенг жамоатчиликнинг мулоҳазалари ҳам эътиборга олинаётир. Шу асосда яқин кунларда буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий дафн этилган жойга аниқлик киритилиши кутилмоқда.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!