Меню
Қашқадарё
“БАЗМИ ЖАМШИД” НИМА ДЕГАНИ?
Беруний “Наврўз оламнинг бошланишидир”, деб ёзди. Аллома Ал-Маъмун Али ибн Тусо ал-Ризоб эса “Наврўз фаришталар улуғлаган кундир, чунки улар шу кунда яратилган ва уни подшоҳлар ҳам улуғлаган, чунки у замоннинг биринчи кунидир”, деган экан. Улуғ Фирдавсий эса “Шоҳнома” асарида Наврўз Жамшиднинг сийму зарга безатиб ясатган тахтида кўкка кўтарилган кундан бошланганини баён қилади.
Манбаларда қайд этилишича, Наврўз шарафига катта сайил ўтказилиб, ёшу қари бирдек хурсандчилик қилган. Дастурхонлар ёзилиб, зиёфат уюштирилган, етим-есирлар, бева-бечоралар, дарвешу дарбадарларга садақалар улашилган ва халққа берилган зиёфат “базми Жамшид” деб аталганки, бу ибора ҳанузгача тилимизда сақланиб қолган.
Наврўз дастлаб қуёш (олов)га бағишлаб ўтказилган. Кейинчалик баҳорги тенг кунликка кўчгани ҳам аждодларимизнинг кузатувчанлиги, тафаккури, донишмандлиги ифодаси бўлиб, барибир илк хусусиятини сақлаб қолган. Яъни баҳорги тенг кунликдан бошлаб кунлар исий бошлайди. Айни дамда шу пайтдан бутун мавжудот, табиатда ўзгариш, жонланиш, уйғониш бошланади.
Наврўз ҳамма вақт табиат қўйнида, кенг майдонда, дала ва қирларда ўтказиб келинади. Аввало майсалар, ўт-ўланлар, дарахт гулларига қараб кўз қувонса, айни пайтда ҳар ким кўнгли тортган кишиси билан дийдорлашади, суҳбатлашади, ҳазил-мутойиба билан шодланади. Ўйин-томошалар, баҳор таомлари қиш бўйи дилдираб чиққан танларга ҳузур бағишлайди.
Бироқ ўтган асрнинг 80-йилларида совет мафкураси “шарофати” билан Наврўз ҳам қатағонга учради. 1985-1989 йилларда Наврўзни нишонлаш тақиқланиб, сунъий тарзда “Навбаҳор”деган байрам ўйлаб топилди ва уни 1 апрель куни нишонлашга фармон берилди. Бу билан ўша даврдаги фирқавий раҳбарлар табиатнинг азалий қонуни - баҳорги тенгкунликни ҳам ўзгартирмоқчи бўлдилар, гўё.
Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бир ўғлим Наврўз куни туғилгани учун унга Наврўзжон деб исм қўйдим. Аммо қанча уринмайин, унга бу исм билан гувоҳнома ололмадим. Натижада бошқа исм қўйишга мажбур бўлгандим.
Хўш, нега Наврўзни қатағон қилишди? Чунки уни нишонлаш жараёнида халқ ўзининг узоқ тарихини, минг йиллар давомида шаклланган қадриятлари, урф-одатлари, маданияти, маънавиятини ёдга олар, ундан озиқланар, бир-бирига меҳр-оқибат, раҳм-шафқат кўрсатар эди. Наврўзда инсон ва олам яхлитлиги, табиат ҳақида қўшиқлар куйланарди, шўхчан лапарлар, ўланлар янграрди, ўнлаб миллий ўйинлар ижро этиларди, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик маданияти эсланарди, шифобахш ва лаззатли таомлар тортилиб, унинг атрофида ўйин-кулги давом этар, кексалар, етим-есирлар, бева-бечораларга меҳр-оқибат кўрсатиларди. Шўролар тузумига бу мутлақо керак эмас эди.
1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг катта жасорати ифодаси эди. Орадан беш ой ўтиб, 1990 йил март ойида Наврўзни ўз ўрнида - 21 мартда нишонлашга рухсат этилди. Мажбурий ўйлаб топилган сохта “Навбаҳор” байрамининг умри тугади. Истиқлол насими Наврўзни қайтарди. 1991 йилдан Наврўз умумхалқ байрами сифатида қадимий анъаналар асосида кенг нишонланадиган бўлди.
Мана шундан бўён ўтган вақт давомида Наврўз билан боғлиқ кўплаб халқ ўйинлари, фольклор ансамбллари, асарлари, расм-русмлар, урф-одатлар, қадриятлар тикланди ва улар ёшларни миллий ҳамда умумбашарий ғоялар руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Наврўзнинг бугунги кундаги аҳамиятли жиҳатларидан бири ҳам шу.
Абдиолим ЭРГАШЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси