Меню

Қашқадарё

31.01.2023 7549

Батошдаги кутубхонага бадиий ва илмий китоблар етказиб берилди

Бир муддат аввал Ғузор туманидаги Батош маҳалласида туман прокурори ташаббуси билан кутубхона ташкил қилинган, бироқ кутубхонада мавжуд 170 номдаги электрон адабиёт ва 60 та китоб ёшларнинг талаб ва қизиқишларига мувофиқ келмаётганди.

Хабарингиз бор, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлимининг Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Муаммоли маҳаллаларга маънавий ҳимоя” лойиҳаси доирасида Ғузор туманидаги Батош маҳалласида маҳалла кутубхонаси, оилавий кутубхоналарни ташкил қилишда ташаббус кўрсатиш, ушбу кутубхоналарга китоблар етказиб бериш кўзда тутилган.

Шунга кўра Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова Батошдаги кутубхонада бўлиб, мавжуд шароитлар билан танишди. Грант лойиҳаси доирасида харид қилинган ва Марказ вилоят бўлими ҳомийлигида чоп этилган бадиий ва илмий китоблар кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тақдим қилинди.

Нуронийлар, китоб ихлосмандлари мазкур китоблар аҳоли, хусусан, ёшларнинг бўш вақтини унумли ўтказишда муҳим эканини қайд этишди.

Шунингдек, Лола Саодатова туман прокурори Баҳодир Эркаев билан ҳудудда мавжуд кутубхоналар фондини бойитиш, китобхонлик муҳитини янада юксалтириш бўйича келгусидаги вазифалар бўйича фикрлашди.

Зеро, китоб, илм бор жойда доим ривожланиш, тараққиёт бўлади.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!