Меню
Қашқадарё
БАРВАҚТ ҚЎЙИЛГАН ТАШХИС – ЭНГ ЯХШИ ҲИМОЯ
- Саратон касаллиги тўсатдан пайдо бўлмайди, - дейди Тўрақул Холиқов. - Умуман ҳар бир касалликнинг бошланиш ва ривожланиш жараёни бўлганидек, саратон касаллигида ҳам шу давр мавжуд. Кўпинча у касаллик сурункали кечадиган патологик ўзгаришлардан сўнг ривожланади. Шунингдек, тери, меъда, бачадон бўйнидаги узоқ вақт битмайдиган яралар, полиплар, сут безлари фиброадиноматози ва ҳоказолар оқибатида ҳам пайдо бўлади. Демак, саратонга сабаб бўладиган омиллар ўз вақтида бартараф этилиши ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ.
Саратон касаллигининг характерли хусусиятларидан бири шуки, тўқимада ўсимта ҳосил бўлиб ривожлангандан кейингина касаллик белгилари юзага чиқади ва танадаги ўсимта ўсаётган аъзонинг функцияси кескин бузилади. Саратон касаллиги бошланаётганда, у тананинг қайси қисмида ривожланаётганидан қатъи назар, қаттиқ оғриқ бермайди. Баъзи ҳолларда касалланган шахс оғриқни сезмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун бемор врачга кеч мурожаат қилади. Шу туфайли ҳам касаллик анча жиддийлашиб кетади ва уни даволаш жараёни қийин кечади. Барибир ҳар қандай шароитда организмда бирон ўзгариш ҳосил бўлса, дарҳол шифокорга учрашиш лозим, шундагина саратон касаллигининг олдини олиш, агар у бошланган бўлса, даволаш мумкин.
Эркакларда кўпинча меъда, бронхлар, тери, пастки лаб, оғиз бўшлиғи, ҳалқум, ўпка (хусусан, кашандаларда бу касаллик ривожланиши тайин, чунки никотин ўпка фаолиятини борган сари ишдан чиқариб боради), таносил аъзоларида саратон касаллиги учрайди. Аёлларда эса ўзгача. Уларда бачадон, овқат ҳазм қилиш аъзолари, сут безлари ва терида мазкур касаллик ривожланади.
Олимларнинг изланишлари шуни кўрсатадики, бутун дунёда экологиянинг бузилиши, инсонларнинг турмуш тарзида зарарли одатларнинг, шу жумладан, тамаки ва алкоголь истеъмол қилишнинг кўпайиши, ўз навбатида, онкологик хасталикларнинг ҳам ортишига олиб келмоқда. Мисол учун, ўпка саратони билан оғриган беморларнинг 96 фоизини тамаки чекувчилар ташкил қилади. Бундан ташқари, қувватсизлик, озиш, сабабсиз камқонлик, бош айланиши каби ҳолатларни сезган кишиларнинг шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмаслиги ҳам ўсма касалликларининг ўз вақтида аниқланмаслигига сабаб бўлаяпти. Бундай белгилар ўсма касалликларида тез-тез учраб турадиган ҳолат ҳисобланиб, ушбу ўзгаришларни ўзида пайқаган киши албатта шифокор кўригидан ўтиши керак.
Касалликка қарши курашиш, даволаш фақатгина шифокорнинг вазифаси эмас. Аввало, ҳар бир инсон ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши, ҳеч бўлмаганда, йилига икки маротаба тиббий кўрикдан ўтиб туриши лозим. Жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказганимизда, энг аввало, ана шу масалага эътибор қаратамиз. Инсон ҳар доим соғлом турмуш тарзига амал қилиши баробарида, ўз саломатлигига эътиборли бўлмоғи лозим. Ҳар қандай хасталикни даволагандан кўра, олдини олган маъқул, осон. Негаки, бой берилган вақтни ортга қайтариб бўлмаганидек, соғлиқни ҳам тиклаш мушкул.
Мухтасар айтганда, ушбу хасталик бедаво эмас. Даволаниш жараёнидаги эътибор, касалликни енгишга бўлган ишонч, яшашга кучли иштиёқ бу хасталикни мағлуб қила олади. Зеро, руҳий мадад инсондаги ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайди, курашга, яшашга ундайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.