Меню

Қашқадарё

13.01.2018 1798

БАРЧАСИ АРМИЯМИЗ ҚУДРАТИ ОШИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

МУДОФАА САНОАТИДА ЯНГИ ҚЎМИТА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Президентимизнинг 2017 йил 20 ноябрдаги тегишли қарори билан мамлакатимизда Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилди. Эндиликда ушбу қўмита Қуролли Кучларимиз тизимига қурол-яроғ, ҳарбий техника, моддий буюмларни етказиб бериш ва таъминлаш билан шуғулланади.

ИМТИЁЗЛИ ТАВСИЯНОМАНИНГ ТАВСИФИ ЎЗГАРДИ

Маълумки, Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлар эди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги тегишли қарорига биноан, бу тартибга ўзгартириш киритилди. Унга мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб бундай тавсияномага эга абитуриентларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этила бошланди. Эндиликда абитуриент кириш имтиҳонларида ўз кучи билан 160 балл тўпласа, тавсияномага асосан унга яна 80 балл қўшиб берилади. Аксинча, ўз кучи билан 60 балл тўплаган абитуриентга тавсиянома 30 баллик ёрдам кўрсата олади, холос. Бу эса ҳарбий хизмат чоғида ижобий тавсифланган абитуриентлар ва бошқалар ўртасида соғлом рақобат ўрнатилишини таъминлайди.

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛИ УЙ-ЖОЙ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳарбий хизматчилар учун кўп қаватли, арзонлаштирилган уйлар қурилиб, имтиёзли кредит асосида берила бошланди.

Бу иш Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 30 мартдаги тегишли қарори асосида амалга оширилмоқда. 2017 йилнинг ўзида мамлакатимиз ҳудудларида намунали лойиҳалар асосида 56 та уч қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу 1008 ҳарбий оила янги уй-жойга эга бўлди, деганидир.

НОМЗОДЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШ ТАРТИБИ ТАКОМИЛЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майдаги қарори билан мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни танлаб олиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда Мудофаа вазирлиги томонидан вазирликнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни танлаш (қўмондонлик тактик мото-ўқчи ва чегара бўлинмалари, ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий мутахассисликлари бундан мустасно) ягона танлов асосида, кириш тест синовлари натижалари бўйича тўпланган балларга мувофиқ амалга оширилади. Яъни вазирлик тизимидаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларига бир хил тартиб асосида синов имтиҳонлари ўтказилади. Номзодлар орасидан мавжуд квоталарга мувофиқ тарзда энг юқори балл тўплаганлари танлаб олинади ва улар кейин ҳар бир олий ҳарбий таълим муассасасига алоҳида-алоҳида бўлинади.

Аввал эса олий ҳарбий таълим муассасасининг бирида ўқишга кириш кўрсаткичи юқори, бошқасида бир оз паст бўларди. Натижада айрим номзодлар бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилинган абитуриентларга нисбатан юқори балл тўплаган бўлса-да, ўқишга қабул қилинмай қоларди.

ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ ИШ БОШЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда мамлакатимиздаги ҳарбий академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” номи берилди.

ФАОЛ АСКАРЛАР ИМТИҲОНСИЗ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ

Жорий йилдан бошлаб, мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган ва хизматда ҳар томонлама фаоллик кўрсатган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда Темурбеклар мактаби ўқувчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан олий таълим муассасасига имтиҳонсиз, грант асосида ўқишга қабул қилинади.

ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУДОФАА ДОКТРИНАСИ ЯНГИЛАНДИ

2018 йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Ушбу Мудофаа доктринаси очиқ хусусиятга эга бўлиб, шунга ўхшаш концептуал ҳужжатлар қабул қилиш борасидаги илғор тажрибаларга тўла мос келади. Унда Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати, Қуролли кучлар вазифалари, мамлакатнинг ҳарбий-иқтисодий таъминоти асослари, жумладан, ҳарбий-саноат комплекси ривожланишининг истиқболли йўналишлари белгиланган.

Ҳужжатда дунё ва минтақада вазиятнинг ривожланиш динамикаси, юзага келаётган таҳдид ва чақириқлар инобатга олинган.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!