Меню

Қашқадарё

01.11.2016 2231

БАРАКАСИ БОР ҲАРАКАТ

 

- Аслида-ку шу пулни юртимизда ҳам топиш мумкин эди. Ҳатто уйда ўтириб, томорқада ишласак ҳам аллақачон тўққизимиз ўттиз бўлиб кетарди. Бола-чақадан олисда, мусофирчиликда юрмасдик...

Унинг бу сўзлари мени мулоҳазага ундади. Ҳақиқатан ҳам ишлайман, меҳнат қиламан, рўзғоримни бутлайман, деган одам учун юртимизда барча шароит яратилган, иш ўринлари етарли. Энг асосийси, улар бола-чақаси, яқинлари даврасида. Қолаверса, бор имкониятлардан самарали фойдалана олган кишиларнинг топганлари татияпти, бири икки бўлаяпти.

Музаир Гаммуев Ғузор туманидаги Дўстлик маҳалласида истиқомат қилади. Тадбиркор. У ишини дастлаб эркаклар ва аёллар телпаги тикишдан бошлади. Бу ишга оила аъзоларини ҳам жалб қилди. Аста-секинлик билан улар ишлаб чиқарган бежирим маҳсулотлар ўз харидорларини топди. Бир-икки йилдан сўнг ишбилармон турмуш ўртоғи Оксана билан фаолиятни кенгайтиришга аҳд қилишди. Шу мақсадда ташкил қилинган “Сюзанна МО” хусусий корхонасида тикувчилик кенг йўлга қўйилди, тунукасозлик буюмлари ясала бошланди. Яна бир цехда эса автомобиль ўриндиқлари учун жилд тикиш йўлга қўйилди.

- Цехимизда 10 нафардан зиёд ёш йигит-қиз ишлаяпти, - дейди корхона иш бошқарувчиси Руслан Даштамиров. – Маҳсулотларимизга талаб юқори. Биргина тунука буюмлари ясаш цехини оладиган бўлсак, рўзғорнинг корига яраётган самовар, челак ва бошқа буюмлардан харидорлар мамнун. Шу билан бирга, туманимизда қурилаётган замонавий уй-жойларга ўрнатилаётган тарнов, қор-ёмғир ушлагичлар, сув қувурлари ва  бошқа керакли маҳсулотларни етказиб бераяпмиз.

Хусусий корхона аъзоларининг келгусида режалари кўп. Аввало, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, аҳолига давр талабига мос маҳсулотлар таклиф этиш, яъни замон билан ҳамнафас бўлиш. Бунинг учун уларда куч-ғайрат, шижоат етарли. Чунки юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилганки, ишнинг кўзини биладиганлар бундай имконият ва шароитлардан унумли фойдаланмасликни уят, ношукурлик деб билишади. Ўз юртида шунча имконият бўла туриб, ризқини, омадини четдан излаб юрганларга бир ҳайрон бўлиб боқишса, бир ачиниб қарайдилар.

Майсара ҚЎЙЛИЕВА

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!