Меню
Қашқадарё
БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ, ЯЛПИ ФАРОВОНЛИК ВА ИНСОН МАНФААТЛАРИ
- Маълумки, сенаторлар ўз ишини "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги Қонунни кўриб чиқишдан бошлашди. Мазкур ҳужжатни қабул қилиш қандай зарурат туфайли юзага келди? Унинг мазмун-моҳияти нималардан иборат?
- Шуни таъкидлаш лозимки, қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралда қабул қилинган "Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказишнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, соҳадаги муносабатларни мувофиқлаштириш ва назорат қилишни кўзда тутади.
Қонунда замонавий халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда асосий ҳуқуқий тушунчалар мустаҳкамланган бўлиб, унда давлат органлари, яъни вазирлик ва идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Бунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишни ташкил этиш, бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ваколатли орган деб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган.
- Хўш, бу борада, яъни ҳуқуқий ахборотни тарқатишда аниқ механизмлар кўрсатиб ўтилганми?
- Албатта. Эндиликда қабул қилинган қонун ҳужжатларини расмий ва норасмий тарқатма тарзида тарқатиш, уларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ва давлат органларининг веб-сайтларида жойлаштириш тартиби ўрнатилмоқда.
Қонун билан давлат органларида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштирилган ҳолда ҳисобга олишнинг мажбурий тартиби жорий этилиб, унинг сўзсиз ижро этилиши устидан назорат тизими мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Қонунда ҳуқуқий тарғибот юритиш ҳуқуқий ахборот тарқатишнинг самарали усулларидан бири сифатида таърифланган бўлиб, уни амалга ошириш шакллари мустаҳкамлаб қўйилган: конференция, учрашув, семинар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказиш; қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, амалдаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини очиб берувчи теле ва радиодастурлар уюштириш, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида материаллар жойлаштириш, шарҳлар, рисолалар, плакатлар, буклетлар тарқатиш шулар жумласидан.
- Биласиз, ахборот макони кенг, ранг-баранг. Ундан ҳар ким ўз дунёқараши, савияси ва ахлоқига кўра фойдаланади. Айниқса, болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборот тарқатилишидан муҳофаза этиш зарурати ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда.
- Саволингизни тушундим. Гап "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун ҳақида бораяпти. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этиш, зўравонликка ундайдиган, уларда наркотик воситалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш истагини пайдо қиладиган, ҳақоратли сўзларни ўз ичига олган, оилавий қадриятларни инкор этадиган ноқонуний хатти-ҳаракатни оқлайдиган ахборотларни болалар орасида тарқатиш буткул ман этилиши белгилаб қўйилди. Шафқатсизлик, жисмоний ва руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвирланган ёки ифодаланган ва қўрқув ёки ваҳима уйғотадиган ахборотни тарқатиш болалар ёшига қараб чекланади.
Қонун билан зарарли ахборотдан иборат медиа маҳсулотларнинг айланиши ва тарқатилишига нисбатан умумий талаблар ўрнатилган. Хусусан, босма шаклдаги, зарарли ахборотдан иборат маҳсулотнинг болалар кириши мумкин бўлган жойларда фақат зич ўралган идишларда тарқатилиши белгиланган. Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотининг болалар учун мўлжалланган таълим, тиббиёт, санаторий-курорт, жисмоний тарбия ва спорт, маданият ва соғломлаштириш муассасаларида тарқатилишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.
- Хабарингиз бор, юртимизда кейинги бир йилда мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратилишида муҳим ўрин тутмоқда. Ўз навбатида бу борадаги муносабатлар мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда. Сенаторлар бу борада қандай фикрда?
- Мурожаатлар билан ишланаркан, уларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, кўриб чиқиш чоғида бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўймаслик, мазкур жараёнда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятининг шаффофлиги каби тамойиллар муҳим аҳамиятга эга.
Аслида бу тамойил давлат органлари тизимини фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишга сафарбар этишга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Ушбу сиёсатнинг моҳияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан лўнда қилиб "халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", дея белгилаб берилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётига мурожаатларнинг янги шакллари, хусусан, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг ишонч телефонлари, "тезкор телефон линиялари" орқали, видеоконференцалоқа воситасида келиб тушган мурожаатлар, расмий веб-сайт, виртуал қабулхона орқали ва бошқалар киритилмоқда. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилишнинг янги шакллари ва тартиби киритилмоқда: сайёр, шахсий ва оммавий қабуллар, видеоконференцалоқа воситасидаги, аудио ва видеоёзувни қўллаш орқали қабуллар ва бошқалар шулар сирасидан.
- Сенат ялпи мажлислари чақириларкан, уларда албатта тадбиркорлик ривожига қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси ҳам назарда тутилишига ўрганиб қолганмиз. Бу гал ишбилармонлик муҳитини яхшилиш бўйича қандай мақсадлар кўзланди?
- Шуни эътироф этиш керакки, мазкур йўналишда қабул қилаётган қонунларимиз давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг улар фаолиятига асоссиз аралашувининг олдини олишга қаратилган изчил сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.
Айнан шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилди, унинг фаолияти ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилди.
Тадбиркорликни, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатининг амалга оширилишида иштирок этиш, уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қабул қилинган ҳужжатларнинг тадбиркорлик соҳасига таъсири, самарадорлигини баҳолаш, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлаш Вакилнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.
Сенаторлар томонидан маъқулланган "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида"ги Қонун Вакилга соҳада назоратни амалга ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига шубҳасиз риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш бўйича кенг ваколатлар беради. Хусусан, у давлат органларининг (ташкилотларининг) қарорлари, улар мансабдор шахсларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини бузувчи ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқади, уларнинг фаолиятини текшириш қонунийлиги устидан мониторинг ўтказади, аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилади, давлат органларининг мажлисларида иштирок этади, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
- Демак, Вакил тадбиркорлар фаолиятига оид барча муносабатларга аралаша олади.
- Йўқ. Қонунда Вакил томонидан кўриб чиқилмайдиган масалалар ҳам белгиланган. Тадбиркорлар ўртасидаги иқтисодий низолар, оилавий, меҳнат ва тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, шунингдек, суднинг, тезкор-қидирув фаолияти, тергов, суриштирув ва жазо ижросини амалга оширувчи органларнинг ваколат доирасига кирадиган масалаларга улар аралаша олмайди.
- Барчамизга аёнки, жуда кенг ваколат берилган шахснинг аввало ўзини ҳимоялаш, унинг дахлсизлиги, манфаатларини кафолатлаш ҳам керак...
- Вакил мустақиллиги атрофлича кафолатланган. Вакил Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. У Президентнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.
Вакил институти қонунга мувофиқ нафақат мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини, балки юртимизда ўз бизнесини юритаётган хорижий компаниялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаши лозим. Бу Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини оширишга, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга кўмаклашади.
- Янги тартибга кўра, 2017 йилдан барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди. Бу яхши албатта. Мазкур тартибни қуйи бўғиндан, дейлик, маҳалла тузилмаси мутасаддиларига нисбатан ҳам жорий қилсак, кўп масалаларга вақтида ва жойида ечим топиларди балки.
- Тўғри айтдингиз, юқори идораларга йўлланган мурожаатларни таҳлил қилиб кўрсак, уларнинг аксарияти маҳалланинг ўзида ҳал бўлишига гувоҳ бўламиз. Демак, аҳоли ва маҳалла ўртасида боғланиш, "кўприк" йўқ. Шуни ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раисларининг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш тартиби белгилаб қўйилмоқда.
"Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси раҳбари, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, шунингдек, жойлардаги профилактика инспекторлари, таълим муассасалари ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг фуқаролар олдида ҳисоб бериши тизими белгилаб берилмоқда. Фуқаролар йиғини кенгаши таркибига фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари), жойлардаги профилактика инспекторлари, таълим муассасалари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари киради. Қонун ҳужжатларига киритилаётган бу ва бир қатор бошқа ўзгартишлар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин бўлган тузилмага айлантириш, шунингдек, уларнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг муҳим омилига айланиши лозим.
Умуман олганда, Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурини боқичма-босқич ижро этишга қаратилган 27 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилди. Қабул қилинган қарорлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Б.САЙФИЕВ суҳбатлашди.