Меню
Қашқадарё
БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШГА ҚАНДАЙ ЭРИШИЛАДИ?
Семинар-тренинг
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига оид концепцияси - келажак авлод эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўзаро узвий боғланган экологик хавфсиз, иқтисодий таъминланган, ижтимоий муҳофазаланган ва институционал бирлашган ҳаёт тарзини шакллантиришни ўз ичига олган ғоялар тизими асосида мамлакатимизнинг ҳам 2030 йилгача бўлган миллий мақсад ва вазифалари тасдиқланган.
Унга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда ўта қашшоқликни тугатиш, кам таъминланган аҳоли сонини ҳозиргига нисбатан икки бараварга камайтириш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш, касалликлар туфайли бевақт рўй берадиган ўлим сонини 30 фоизга қисқартириш, 2025 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари сонини икки бараварга камайтириш, сифатли таълимни таъминлаш, ўқитувчилар сонини кўпайтириш каби мақсадлар кўзда тутилган.
Бу ҳақда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинар-тренингда айтиб ўтилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтган тадбирда мамлакатимизда барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларга эришиш юзасидан кенг жамоатчилик билан маслаҳат ўтказиш, уларнинг таклиф ва тавсияларини қўллаб-қувватлаш хусусида сўз борди.
- Бугун биз маъруза ўқиб вақт ўтказишни эмас, кўпроқ қатнашчиларни эшитишни мақсад қилдик, - дейди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати бош координатори Илвина Мустафина. - Чунки ҳар бир киши ҳаётда турли қийинчилик, муаммоларга дуч келади, тренинг давомида ичимлик суви, табиий газ, дарахтларнинг кесилиши, йўлларни таъмирлаш, таълим, соғлиқни сақлаш сифатини кўтариш каби масалалар кўпчилик учун муаммо экани ойдинлашди. Уларни умумлаштириб, атрофлича ўрганиш муаммоларни ҳал этишда қўл келади.
Тадбир баҳс-мунозара руҳида ўтди.
Н.ХЎЖАЕВ