Меню
Қашқадарё
Бандликка кўмаклашиш дастури ижроси кунлик мониторинг қилиб борилади
Маҳаллий Кенгашларда
Жорий йилнинг дастлабки етти ойи мобайнида Кўкдала туманида 30 минг 983 та янги иш ўрни яратилиб, уларнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги (26 минг 940 та) ва хизмат кўрсатиш (3 минг 709 та) соҳаларида, қолганлари эса қурилишда (185 та) ва инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига (149 та) ташкил этилди.
Ушбу рақамлар Кўкдала тумани камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи О.Тилововнинг халқ депутатлари туман Кенгашига берган ҳисоботида келтирилди.
Депутатлар ҳудудда 2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг январь-июль ойларида бажарилиши тўғрисида таҳлилий маълумотлар олар эканлар, мутасаддиларга прогноз кўрсаткичлар ижросини тўлиқ бажарилишини таъминлаб, йил якунига қадар режадаги 33 минг 510 та доимий, мавсумий ва вақтинчалик янги иш ўрни яратилишига эришиш бўйича аниқ топшириқлар беришди. Бунда, айниқса, дастур ижроси бўйича кунлик мониторинг тизимини юритиш, янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш чораларини кўриш, тумандаги корхона ва ташкилотларда мавжуд норасмий иш ўринларини расмий секторга ўтказиш, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича ишларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.