Меню
Қашқадарё
“БАХТИМ ШУЛ – ЎЗБЕКНИНГ ЗУЛФИЯСИМАН!”
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ҳаёти ибратга лойиқ юртдошларимиз ҳақида сўз юритар экан, Зулфияхоним шахсига алоҳида тўхталганди. “Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам мен ана шундай фидойи инсонлар қаторига қўшган бўлардим, - дейилади асарда. - Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган, десак, муболаға бўлмайди. Лекин бу мураккаб ҳаёт қалби ўз халқи ва Ватанига меҳр-муҳаббат билан тўлиб-тошган, дунёдан эзгулик ва гўзаллик излаб яшаган бу аёлни ҳамма вақт ҳам аягани йўқ. Аслида, бу дунёда айрилиқ ва ҳижрон азоби барчанинг ҳам бошида бор. Аммо ғам-андуҳ ва ҳасратларни матонат билан енгиб, тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланган Зулфия опа сингари аёллар ҳар қандай юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир”.
Дарҳақиқат! Зеро, Зулфияхоним табиат ато этган нодир истеъдод соҳибаси ўлароқ ХХ аср ўзбек шеъриятига миллатимиз аёлларига хос нафосат, ҳаё, мулойимликни, вафою садоқат, сабру бардошни тараннум этган янги бир тўлқин олиб кирди. Унинг шеърияти дастлабки даврида ёрқин бир шуъла бўлиб кўзга ташланган, ўша вақтнинг забардаст шоиру адиблари эътиборига тушган, уларнинг юксак баҳосини олган бўлса, кейинчалик кўплаб шоиралар учун порлоқ маёқ бўлди, ижод мактабига айланди. Ижодида гарчи ҳижрон ғоялари етакчилик қилса-да, айтиш мумкинки, Зулфия шеърияти ҳаргиз ғамгузор, тушкун кайфиятдаги ижод эмас. Аксинча, унинг лирик қаҳрамони қалбидаги бир умрлик муҳаббатига тоғдай бардоши суянч бўлган, ҳаёт йўлдошидан бевақт айрилган бўлса-да, унинг ёдини ифтихору ғурур билан тоабад эъзозлаган, унга муҳаббатини фарзандлари, юртдошлари, ижодига бўлган меҳрига йўғирган матонатли, ҳаётсевар аёлдир. Шу матонат шоирани “Мен тирик эканман, тириксан сен ҳам!” дея баралла таъкидлашга ундайди. Қалбидаги ҳаётсеварлик ифодаси ўлароқ самимий, ўқиган одамнинг зимистон кўнглига умид чироғини ёқадиган, яшашга, яшаганда ҳам шунчаки эмас, астойдил, муносиб яшашга ундайдиган сатрлар қоғозга тўкилади:
Яшаш азиз ҳисси танда кезганда,
Умр кўпи кечиб, армон дилни эзганда,
Ҳатто ўзни хаста, заиф сезганда,
Оғир, бенаф ўйдан юрак безганда
Сени куйлайман, ҳаёт!
Зулфия чиндан-да, ҳаёт куйчиси, чинакам ишқ, вафо куйчиси. Шу билан бирга, у ўзининг фарзандлари олдидаги масъулияти, аёллик шаънини баланд тутган, миллати олдидаги бурчини, жамиятдаги мавқеини чуқур англаган ижодкордир. Шу англаш унга жаҳон минбаридан туриб, Ўзбекистон номидан баралла шеър айтишга куч берди. Ўзбек аёлининг қалб кечинмалари, туйғу-истаклари ифодаланган самимий шеърияти бошқа миллат вакилларини ҳам ошуфта айлагани, шоиранинг оташ сатрлари кўплаб халқлар тилига таржима қилингани, унга халқаро мукофотлари тақдим этилгани тасодиф эмас. Қолаверса, Зулфия ўзи айтганидек, энг юксак мукофот – халқининг муҳаббати, эъзозига сазовор бўлган бахтли ижодкорлар сафида.
Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,
Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман!
Истиқлолни шу халқ билан бирга қарши олган, ҳурликнинг дориломон кунларини кўриш бахтига мушарраф бўлган шоиранинг юқоридаги сатрлари ўз умридан, тақдиридан рози, халқининг бор қувончи, ташвишларига елкадош бўлиб яшашни энг олий саодат деб билган миллат вакиласининг дил-дилидан отилиб чиққан сатрлардир. Ўз навбатида, шоиранинг ижоди, жамоат арбоби сифатидаги баракали фаолияти муносиб тақдирланди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1999 йил 10 июндаги “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, ҳар йили ўқишда, жамоат ишларида фаол, ташаббускор, зукко қизларга шоира номидаги юксак мукофот тақдим этилади. Шоиранинг ҳаёт йўли, гўзал хислатлари ҳар бир ўзбек қизи учун ибрат мактаби, намуна бўлиб келаётир. Бу эса Зулфияхоним ижоди, қарашлари, фикру ғоялари, эзгу орзуларининг умри боқийлигидан, шоира номи ҳамиша эъзозда эканидан далолатдир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА