Меню
Қашқадарё
БАХТ ВА ШОДЛИК СЕРЕНАДАСИ
Таъкидлаш жоизки, Муяссар Раззоқова юртимизда опера санъати ривожида ўз ўрнига эга санъаткор саналади. Унинг ижросидаги жаҳон мумтоз мусиқалари санъат ихлосмандларининг, мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. У дунёнинг кўплаб давлатларидаги концерт дастурларида иштирок этиб, опера ижрочилари орасида овоз имкониятлари юқорилиги билан ажралиб туради.
Вилоятимиз марказида ташкил этилган мазкур концерт дастуридан кўзланган мақсад эса ҳудудда опера санъатини янада кенг тарғиб қилиш, иқтидор эгаларини аниқлаш, маҳоратли санъаткор ижросида жаҳон саҳналарини забт этган машҳур арияларнинг бадиий завқини томошабинларга улашишдан иборат бўлди.
Жаҳон классикасининг энг сара намуналари - “Дон Жуан”, “Каварадосси” ариялари, “Дон Кихот” серенадаси, “Мадам Баттерфляй”, ўзбек опера санъати дурдоналаридан “Муҳаббат”, “Баҳор”, “Ал-Фарғоний”, “Лайли” каби ўттизга яқин опералар санъат кошонасида жаранг сочди. Мумтоз санъат намуналари орқали бахт ва шодлик туйғулари тараннум этилди.
- Опера жаҳон санъатида муҳим ўрин тутади, - дейди Муяссар Раззоқова. – Чунки мазкур санъат тури ижрочидан нафақат овоз, балки кенг дунёқараш, билим ва тажрибани ҳам талаб қилади. Чунки опера ижрочиси аввало бир неча тилларда куйлай олиши керак, кўп минг сонли мухлислар аудиториясини ҳис қила олиши лозим. Аҳамиятлиси, юртимизда ҳам бу санъат тури йилдан-йилга сайқал топиб бормоқда. Биргина Қашқадарё замини ўнлаб опера ижрочисига эгалигининг ўзиёқ бунинг далилидир.
Концерт дастури кўтаринки руҳда ўтди. Бир-биридан жарангдор ижролар мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди.
Якунда ўқувчи-ёшлар учун маҳорат дарси ташкил этилди.
Замира РЎЗИЕВА.