Меню

Қашқадарё

05.01.2017 2344

БАЙРОН FОЗЛАРИДАН ТВЕН КОМЕТАСИГАЧА

Атоқли ёзувчи Ги де Мопассан Париждаги машҳур Эйфель минораси доим ғашига тегадиган кишилар сирасидан бўлган. Шунга қарамай, у ҳар куни ўша минорада жойлашган ресторанда тушлик қилишни канда қилмаган. Адиб мазкур ҳолатни яқинларига “Бу ресторан минора кўринмайдиган Париждаги ягона жой” дея тушунтирган.

* * *

Бир куни Франсуа Рабле Лиондан Парижга боришга қарор қилади, бироқ сафар учун чўнтагида ҳемири ҳам йўқ эди. Шунда у устига “Қирол учун заҳар”, “Қиролича учун заҳар” ва “Шаҳзода учун заҳар” дея ёзилган учта қоғозхалта тайёрлайди ва уларни меҳмонхонадаги хонасининг кўринарли жойида қолдиради. Бундан хабар топган меҳмонхона хўжайини дарҳол бу ҳақда ҳукуматга маълум қилади. Шу ернинг ўзида Раблени тутиб олишади ва уни соқчилар назорати остида пойтахтга, тўғри қирол Франциск I ҳузурига етказишади. Рабле саройда қоғозхалталар ичидаги нарсани бир стакан сув билан бирга ичади. Маълум бўлишича, қоғозхалталарда шакар бўлган экан. Кейин у ўзи билан аввалдан дўст тутинган қиролга Парижга етиб келиши учун шундай қилганини сўзлаб беради.

* * *

Франц Кафка ҳаётлик вақтида уч-тўрт ҳикоясини нашр эттирган, холос. Оғир бетоб бўлиб қолганида эса у яқин дўсти Макс Броддан ўлимидан сўнг унинг барча ижодий ишлари ва ўз ниҳоясига етмаган бир қатор романларини ҳам ёқиб юборишни илтимос қилади. Брод эса бу илтимосни бажармайди, аксинча, Кафкани бутун жаҳонга танитган бу асарларни нашр эттиради.

* * *

Оноре де Бальзак янги асари устида ишлашни бошлай туриб бир-икки ойга хонасига қулфланиб олган ва ёруғлик тушмаслиги учун деразаю ҳар қандай дарчаларни зичлаб ёпиб ташлаган. Шундан кейин эгнига халат илганча шам остида ҳар куни 18 соатлаб ижод билан машғул бўлган. 

* * *

Марк Твен 1835 йили Ер сайёраси яқинидан Галлея кометаси учиб ўтган куни  дунёга келган. У вафот этганида ҳам мазкур комета пайдо бўлишини башорат қилади. Буни қарангки, 1910 йили, яъни ёзувчи бу дунёни тарк этган куни худди ўша комета яна кўриниш берган. 

* * *

Француз адиби Александр Дюма бир марта дуэлда иштирок этган. Дуэль шартига кўра, иштирокчилар қуръа ташлашади ва унда ютқазган киши ўзини тўппонча билан отиши керак эди. Кутилмаганда қуръа Дюманинг чекига тушади ва у қўшни хонага ўтиб кетади. У ердан отилган ўқ овози эшитилади, сўнг Дюма иштирокчилар ёнига қайтиб шундай дейди: “Мен отдим. Лекин нишонга теккиза олмадим”.

* * *

Америкалик ёзувчи Эмили Дикенсон (1830-1886) умри давомида 900 дан ортиқ достон ёзган, бироқ у ҳаётлигида улардан фақатгина тўрттаси нашр этилган.

* * *

Фантаст ва саргузашт жанрида ижод қилган Жюль Верн Россия давлатида умуман бўлмаган. Лекин шунга қарамай, унинг тўққиз романидаги воқеалар ривожи Россияда (тўлиқ ёки қисман) кечади.

* * *

Лорд Байроннинг хонаки тўртта ғози бўлиб, улар ҳар ерда ижодкорнинг изидан қолмасди, ҳатто нуфузли жамоат тадбирларида ҳам. Шу билан бирга, ортиқча вазни ва ўта маймоқлигига қарамай, Байрон ўз даврининг энг ғайратли ва жозибали кишиси саналган.

* * *

Александр Дюма асарларини ёзишда кўплаб, айниқса, “адабий негрлар” деб аталадиган ёрдамчиларнинг хизматидан унумли фойдаланган. Улар орасида энг таниқлиси Огюст Маке бўлиб, у дурдона роман “Граф Монте   Кристо” ва Дюмага катта муваффақият олиб келган “Уч мушкетёр” асарлари сюжетини ўйлаб топган.

* * *

Испан драматурги Антонио Сильва 1739 йилнинг 19 октябрида гулханда ёндирилган. Айнан ўша куни театрда унинг қаламига мансуб асар - “Фаэтон ўлими” пьесаси намойиш этилган.

* * *

Маълумки, адиб Жеймс Барри ўз асарида ҳеч қачон улғаймайдиган бола образи - Питер Пэнни яратган. Бу китоб ўз вақтида китобхонлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетганди. Образнинг яратилиши эса ўз-ўзидан бўлмаган. Бу қаҳрамон муаллифнинг 14 ёшга тўлганида вафот этган катта акасига бағишланган. У ҳар доим онасининг хотирасида ёш бола бўлиб қолган.

* * *

Ҳикоянавис Антон Павлович Чехов рафиқаси Ольга Леонардовна Книппер билан ёзишмаларида анъанавий мақтов ва хушомадлардан ташқари ноодатий сўзлардан ҳам фойдаланган. У рафиқасига “илон” ёки “қалбим тимсоҳи” каби сўзлар орқали мурожаат қилган.

* * *

Ёзувчи Эрнест Винсент Райтнинг 50 мингдан ортиқ сўздан тузилган “Гедсби” номли романи бор. Энг қизиғи, бутун романда инглиз тилида тез-тез такрорланиб турадиган “Е” ҳарфи учрамайди.

* * *

Жоан Роулинг илк китоби “Гарри Поттер ва фалсафий тош” романини 1995 йили ёзган. Уни нашр эттиришни ўз бўйнига олган адабий вакил қўлёзмани 12 нашриётга юборади. Аммо ҳамма ерда асарни қайтаришади. Орадан бир йил ўтгач, қўлёзма Лондондаги кичкина нашриёт - “Bloomsbury” томонидан қабул қилинади. Нашриёт бош муҳаррири ҳатто китоб маъқулланганидан сўнг ҳам Роулинг болалар китоби ёзиш фаолиятидан кўп пул топа олмаслигига ишончи комил эди. Ўз навбатида, ёзувчига   бошқа мунтазам иш топишни маслаҳат беради...

* * *

Ёзувчи Аркадий Аверченко Биринчи жаҳон уруши даврида таҳририятлардан бирига ҳарбий мавзуда ҳикоя олиб келади. Ўз навбатида, цензор (цензура қилувчи шахс) ундан “осмон мовий эди” жумласини ўчириб ташлайди. Маълум бўлишича, у душман жосуслари бу сўзлар орқали жанубда нима бўлаётганини фаҳмлаб қолишлари мумкин, дея ҳисоблаган экан.

* * *

Америкалик ёзувчи Тимоти Декстер 1802 йили ўзига хос тил ва услубда китоб ёзади. Гап шундаки, асарда ҳеч қандай тиниш белгилари учрамайди. Асарни ўқиб чиққан китобхонларнинг норозиликларига жавобан ёзувчи китобининг иккинчи нашрига махсус саҳифа қўшади ва унда тиниш белгиларини ёзиб, ўқувчилардан ўз хоҳиш ҳамда дидларига кўра уларни матнда керакли жойга қўйишни илтимос қилади.

* * *

Ёзувчи ва жамоат арбоби Константин Симонов “р” ва “л” товушларини ноаниқ (чучук) талаффуз қилган. Чунки у ёшлигида ўйнаб туриб тасодифан тилини устара билан кесиб юборганди. Шундан сўнг ўз исми - Кириллни талаффуз қилишга қийналарди. Шу сабаб 1934 йили у Константин тахаллусини олади.

Азизбек НОРОВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!