Меню

Қашқадарё

31.08.2021 1484

Байрамларни улкан ютуқлар билан қарши олиш калий заводи жамоаси учун анъана

"Деҳқонобод калий заводи" АЖ жамоаси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини катта тантана билан нишонлади. Ишлаб чиқаришдаги улкан ютуқлар билан қарши олинган энг улуғ, энг азиз байрам тадбирида дошқозонларда ош дамланиб, ходимлар ва меҳмонлар учун дастурхон ёзилди, қизиқарли концерт дастури намойиш этилди. Унда иштирок этган таниқли санъаткорлар, бахшилар, қизиқчилар ва болажонлар иштирокидаги чиқишлар тантанага файз, кўтаринкилик бахш этди.

Ўзига хос тарзда байрамона безалган очиқ майдонда айнан мустақиллик йилларида амалга оширилган йирик саноат лойиҳаси - завод қурилишидан тортиб, субъектнинг ҳозиргача босиб ўтган йўлини акс эттирган лавҳаларга кенг ўрин берилгани тантана иштирокчиларига истиқлол нақадар буюк неъмат эканлигини яна бир бор англатиб турарди.   

 Одатда ҳар қандай байрамга қизғин тайёргарлик кўрилади. Шунга монанд, аввалроқ завод жамоаси ҳам юртимиз бўйлаб ўтказилган хайрия ҳашарида фаол иштирок этди. Корхона ён-атрофи яна бир бор кўздан кечирилди, ободонлаштирилди.

 Шунингдек, субъектда мунтазам уюштириб келинаётган спорт, илмий, ижодий тадбирлар бу гал мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилди. Мусобақа ва танловлар ғолиблари ва уларда фаол иштирок этганлар, илғор ходимлар шу куни тантанали тарзда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Биламиз, ишлаган одам шунга муносиб хордиқ ҳам чиқариши керак. Ана шу нуқтаи назар билан ходимларининг маданий хордиқ чиқаришлари, улар ўртасида зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида байрам муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятларига саёҳат ташкил этилиши кўзда тутилган. Ўйлаймизки, завод жамоаси  юртимиз ҳудудларида кечаётган оламшумул ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўриб, катта таассуротлар билан қайтишади.

 Умуман, завод меҳнаткашлари мамлакатимиз  мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб қарши олди. 2021 йилнинг январь-июль ойлари учун кўзда тутилган маҳсулот ишлаб чиқариш режаси ошириб бажарилди. Яъни, дастлабки ярим йилликда 183 минг 912,65 тонна калий хлорид тайёрланиб, бу борадаги ўсиш миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105,2 фоизни ташкил қилди.  Ушбу маҳсулотларнинг 92 фоизи, аниқроғи 169 минг 611,05  тоннасини   Хитой, Украина, Эрон, Малайзия, Латвия, Индонизия каби дунёнинг 20 га яқин давлатларига экспорт қилишга эришилгани эса жамият меҳнат жамоаси қўлга киритаётган арзирли ютуқлар ифодаси бўлди. 

Субъект ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш бўйича ҳам мутлақ етакчи.  Ҳозирги кунда заводда 2 минг нафардан ортиқ ходимлар фаолият юритиб келаётган бўлса, улардан 248 нафарини аёллар, 515 нафарини эса ёшлар ташкил қилаяпти. Шу йил бошидан буён корхона раҳбариятига иш сўраб мурожаат этган фуқароларнинг 68 нафари ҳам жамоа сафига олинди.

 Бундан ташқари, заводда Ўзбекистонга импорт маҳсулот сифатида кириб келаётган суюқ парафин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга эришилгани ажойиб янгилик бўлди. Ана шу технологик жараёнда оралиқ маҳсулот сифатида ажралиб чиққан енгил учувчан фракция (ЛАФ) таҳлил қилиниб, таркиби саноатда ишлатиладиган эритувчиларга яқинлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу маҳсулотни сертификатлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, субъектни инновацион ривожлантириш режаси асосида хлорсиз калийли ўғитлар, кимёвий тоза бўлган калий ва натрий тузлари ҳамда истеъмол тузи олиш йўналишида ҳам янги ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар кетмоқда.

Хуллас, том маънода мустақиллик меваси саналган калий заводи бугун юртимизда кечаётган кенг кўламли янги ислоҳотларга ҳамоҳанг ривожланишда давом этмоқда ва халқимизнинг ҳар байрамини улкан ютуқлар билан қарши олиш жамият жамоаси учун анъана тусини олган.   

"Деҳқонобод калий заводи" АЖ матбуот хизмати

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!