Меню
Қашқадарё
БАЙРАМ ШУКУҲИГА ЁНҒИН ХАВФ СОЛМАСИН
Наврўзда ижро қилинадиган маросимлар, урф-одатлар кўп. Уларнинг аксарияти турли миллий таомлар тайёрланиши, шу жумладан, катта қозонларда ош дамланиши, сумалак, ҳалим пиширилиши билан боғлиқ. Бундай вақтда эса ёнғинга нисбатан жуда ҳушёр бўлиш лозим.
2010 йилдан буён 21 март санасида содир бўлган ёнғин ва чақнаш ҳолатларини таҳлил этганимизда шу нарса маълум бўлдики, вилоятимизда бирор йил ҳам байрам нохуш ҳолатларсиз ўтмаяпти. Ҳар йили қаердадир ёнғин ёки чақнаш содир бўлган ва уларнинг деярли барчаси фуқаролар томонидан уйда ёки жамоавий тарзда таомлар тайёрлаш жараёнида юз берган. Жумладан, 2010, 2011 ҳамда 2012 йилларнинг 21 март санасида вилоятда 1 тадан ёнғин ёки чақнаш рўйхатга олинган бўлса, 2013 йилда 3 та, 2014 йилда 1 та, 2015 йилда 21 та (!), 2016 йилда 1 та, 2017 йилда 7 та ва ўтган 2018 йилда 3 та ёнғин ёки чақнаш ҳолатлари қайд этилган.
Албатта, турли кўнгилсизликларга дуч келишни ҳеч ким истамайди. Аммо, олов билан муносабатда бироз эътиборсизлик, бепарволик кишини кутилмаган офатга рўбарў этиши мумкин.
Айни пайтда вилоят ИИБ ЁХБ томонидан Наврўз байрами кунлари содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, бу борада белгиланган тартибда аҳоли билан тушунтириш-тарғибот ишлари ташкил этилаяпти, байрам нишонланадиган, аҳоли гавжум бўладиган ҳудудларда назорат ўрнатилган.
Бироқ байрамни турли кўнгилсизликлардан холи ўтказиш учун энг аввало ҳар биримиз ёнғин қоидаларига эътиборли бўлишимиз лозим.
Соҳибжон ВАЙИТОВ,
вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, катта лейтенант