Меню
Қашқадарё
БАЙНАЛМИНАЛ ВА ПАХТАКОР ҚИШЛОҚЛАРИ НЕГА ҲАЛИГАЧА ОБОД БЎЛМАДИ?
Хўш, йил якунига етди, бу даврда ушбу вазифалар ижроси қай даражада таъминланди? Яқинда вилоят ҳокимлигида шу муносабат билан ташкил этилган йиғилишда бу масалага атрофлича ойдинлик киритилди.
Йиғилиш баёнида келтирилишича, вилоятда 2018 йилда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини бажариш мақсадида муайян тизим ишлаб чиқилган. Шу бўйича ободонлаштирилаётган ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада штаб ҳамда ишчи гуруҳлари ташкил қилинган. Дастурдаги тадбирларни ўз вақтида адо этиш учун соҳа йўналишлари бўйича масъуллар белгиланиб, ижросини маҳаллий ҳокимликлар назорат қилиб боришган.
Вилоят ҳокимлигининг 2018 йил 15 декабрдаги 560-сонли йиғилиш қарори билан вилоят ишчи комиссияси тузилиб, дастурдан жой олган қишлоқ ва маҳаллаларни қабул қилиб олишга киришилган. Комиссия хулосасига кўра, Китоб туманидаги Денов ва Севаз, Қарши туманидаги Қовчин ва Подарон, Касби туманидаги Муғлон ва Ғалаба, Чироқчи туманидаги Чиял, Деҳқонобод туманидаги Обод ва Бешбулоқ қишлоқларида тугалланган бунёдкорлик ишлари қониқарли деб топилган.
Бироқ бошқа ҳудудларда олиб борилган бу борадаги ишларни ижобий баҳолаб бўлмайди. Мисол учун, жойида бориб ўрганилганда, Нишон туманидаги Байналминал ва Пахтакор аҳоли яшаш манзилларида "Обод қишлоқ" дастурида кўзда тутилган чора-тадбирлар тўлиқ бажарилмагани маълум бўлди.
Жумладан, маҳалла кўчаларини тартибга солиш ва ободонлаштириш жараёни охирига етказилмаган. Кўп қаватли уйлар фасадини ҳамда том қисмини таъмирлаш, уйларга кириш йўлакларини қуриш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини ўрнатиш ишлари ўлда-жўлда қолган. Тадбиркорлик субъектларига тегишли барча объектлар атрофи ҳам тўлиқ ободонлаштирилмаган. Инфратузилма (ҳаммом, кексалар чойхонаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари) объектларини барпо қилишда сусткашликка йўл қўйилган.
"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир соҳа масъулларига аниқ вазифалар юклатилган бўлса-да, бироқ айрим бошқарув органлари, хусусан, вилоят халқ таълими, ветеринария, давлат солиқ, бандлик бошқармалари ҳамда давлат санитария- эпидемиология назорат маркази мутасаддилари баъзида уларнинг ижросига совуққонлик билан ёндашган.
Яна бир жиҳати - Ғузор, Муборак, Миришкор, Косон, Яккабоғ, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари ҳамда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги ободонлаштиришга тушган қишлоқ ва маҳаллалар ҳудудларида белгиланган чора-тадбирлар тўлақонли бажарилмаган. Натижада уларни тегишли тартибда қабул қилиб олиш жараёни бироз кечиктирилган.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жорий йилдан эътиборан тегишли дастурлар доирасида ҳар бир туман ва шаҳардан 3 тадан қишлоқ ҳамда маҳалла обод қиёфа касб этиши мақсад қилинган. Ушбу ҳудудларда қурилиш-таъмирлаш, ободончилик ишларини ўтган йил декабрь ойидан бошлаш бўйича вилоят ҳокимлигининг 560-сонли йиғилиш қарорига мувофиқ зарур топшириқлар берилган бўлса-да, ҳали ҳануз аниқ амалий саъй-ҳаракатлар кўзга ташланмаган.
Жумладан, ободонлаштирилаётган қишлоқ ва маҳаллаларда штаб ташкил қилиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ҳамда ишни ташкиллаштириш учун ишчи гуруҳлар тузилмаган, жойлардаги ҳақиқий аҳволга баҳо бериш ва камчиликларни аниқлаш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқиш ишлари тўлиқ ниҳояланмаган.
Тегишли йиғилиш баёнида 2018 йилда вилоятимизда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини амалга ошириш чоғида шу каби қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани, уларни чуқур таҳлил қилиб ва тўғри хулоса чиқариб, жорий йилда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги чорасини кўриш ҳақида маҳаллий ҳокимлик масъуллари ва соҳалар мутасаддилари жиддий огоҳлантирилгани қайд этилади.
Шунингдек, мазкур ҳужжатда 2019 йилда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига киритилган қишлоқ ҳамда маҳаллаларни ободонлаштириш ишларини 1 сентябргача якунлаш режалаштирилгани кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, жойларда мавжуд қатор муаммоларни ўз ичига "йўл харита"ларини тузишда техник талабга жавоб бермайдиган электр устун ва электр тармоқларини алмаштириш, тупроқ йўлларни умуман қолдирмаслик, маҳалла идораси янги биноларини қуриш ёки таъмирлаш, кўчалар кўринишини бузиб турган газ қувурларини тартибга солиш ишларига алоҳида эътибор берилади.
Эсда тутиш лозим, ҳудудларни ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш мақсадида юртимизда амалга оширилаётган ушбу ишлар аҳолининг турмуш шароитини янада юксалтиришга қаратилган.
М.ШУҲРАТОВ