Меню

Қашқадарё

27.04.2017 2666

БАҲСЛАР ҚИЗҒИН КЕЧМОҚДА

Эркаклар баҳс олиб бораётган “Фьючерс” туркумидаги ва аёллар беллашаётган ITF таснифига кирувчи мазкур турнирлардан ҳар бирининг соврин жамғармаси 25 минг АҚШ долларини ташкил этади. Мусобақаларда бош соврин учун жаҳоннинг 15 дан ошиқ давлатидан келган 100 нафардан ортиқ теннисчи ўзаро беллашмоқда.

Эътиборлиси, мусобақаларнинг дастлабки баҳсларида мамлакатимизнинг қирқ нафардан ортиқ сара спортчилари кортга чиқди. Улар орасида Темур Исмоилов, Санжар Файзиев, Жўрабек Каримов, Нигина Абдураимова, Камола Умарова каби етакчи теннисчилар ҳам бор.

Эркаклар баҳс олиб бораётган “Фьючерс” туркумидаги мусобақанинг асосий баҳслари биринчи раундида вилоятимиз вакили Санжар Файзиев россиялик Денис Мацукевични 6/4, 6/4, Жўрабек Каримов Роман Блохинни 6/1, 6/0, Темур Исмоилов эса яна бир ҳамюртимиз Амал Султонбековни 6/3, 6/0 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўлланма олган бўлса, теннисчиларимиз Павел Цой, Шонигмат Шофайзиев, Шоҳруҳ Абдумаликов, Амал Султонбеков, Сергей Фомин, Шаробиддин Абзалов, Саидаъло Саидкаримов рақибларига имкониятни бой бериб қўйишди.

ITF таснифига кирувчи халқаро мусобақанинг асосий баҳслари биринчи раундида биргина теннисчимиз Нигина Абдураимова кейинги босқичга йўл олди. У руминиялик теннисчи Михаела Бузарнеску устидан 7/6(5), 6/7(2) ва 6/3 натижа билан устун келди. Бироқ ҳамюртларимиз Арина Фолц, Ясмина Каримжонова, Камола Умарова, Милана Масленкова, Албина Хабибулина, Полина Меренкова, Лайло Баҳодирова, Сарвиноз Саидхўжаева рақибларига мағлуб бўлишди.

Шунингдек, “Фьючерс” мусобақасининг жуфтлик баҳсларида Шаробиддин Абзалов ва Сергей Фомин, Санжар Файзиев ва Тимур Хабибулин (Қозоғистон), Ботир Сапаев ва Павел Цой каби жуфтликлар ишончли тарзда баҳс олиб боришаяпти. Аёллар ўртасидаги мусобақанинг жуфтлик ўйинларида эса Албина Хабибулина/Алина Силич, Нигина Абдураимова/Ана Веселинович ва Полина Меренкова/Гозал Айнитдинова жуфтликлари дастлабки турда ғалаба қозонишди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақалар ғолиблари жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари аниқланади. 

Азизбек НОРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!