Меню
Қашқадарё
БАҒРИМ ДЕСАНГ БАЛҚАДИ
Келин - кечагина коллеждаги, институтдаги ўқишидан ҳориб-чарчаб келганда, онаси гиргиттон бўлиб, овқатини тайёр қилиб едириб-ичириб, бир зумгина ҳордиқ чиқариб олсин деб бошида парвона бўлган нозик, навниҳол, ҳимояга, парваришга муҳтож қиз - ота-онасининг севинчи, кўз қароғи. У эшитса, фақат яхши сўзлар эшитган, ота-онаси, ака-укаларининг ардоғида бўлган. Унинг тасаввурида дунё шундай гўзал сўзларга, яхшиликларга бурканган. У – ҳар биримизнинг қизимиз. Ана шу кўз нуримиз, шоир Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, жигаримиз қонидан бўлган зурриётимиз ўзга уйга келин бўлиб тушади.
"Келин" сўзининг луғавий маъноси "келгинди" демакдир. Энди тасаввур қилинг, келгинди одам бошқа жойга борганда, қандай аҳволга тушади?! Ана ўша "келгинди" ота-онасию яқинларининг меҳридан бошқа нарсани кўрмаган илк баҳордаги нозиккина чечакдек қизгина бўлса-чи...
Қизни кимга берган маъқул?!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: "Дини ва хулқи сизларга ёқадиган бир киши совчи бўлиб келса, қизларингизни ўшанга беринглар. Агар бермасангиз, ер юзида фитна ва фасод ишлар бўлади", деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан совчи юборган томоннинг амал-мансабига, молу давлатига эмас, дини ва хулқига қараш лозимлиги аён бўлади. Негаки, бундай оила ҳаммага яхши муносабатда бўлади, инчунун, келинига ҳам.
Никоҳдан кўзланган мақсад
Уламоларимиз никоҳдан кўзланган асосий мақсадни баён қилиб бундай дейишган: "Никоҳдан кўзланган мақсад зинодан ўзни тийиш ва фарзанд кўриш орқали инсоният наслини давом эттириш".
Демак, ўғил уйлантирган, қиз чиқарган ота-она фарзандларини оғир гуноҳ ишдан ҳимоя қилади ва улар воситасида наслини давом эттиради. Натижада вақти келиб боши ёстиққа етса, меҳрибончиликлар кўрсатадиган, ўтиб кетганда ортидан дуо қиладиган авлодларга етишади.
Аслида никоҳланган икки ёш ва унинг атрофидаги одамлар бу никоҳдан сўнг хотиржамлик ва фароғатда яшаши керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай деган: "Унинг аломатларидан (яна бири) - сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир".
Унга чўри бўлсанг, у қулингга айланади
Қизини узатаётган онанинг фарзандига ўргатганлари унинг борган жойида сувга тушган тошдек бўлиб кетишида муҳим ўрин тутади. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ "Иҳёу улумиддин" китобида Асмо бинти Хорижанинг турмуш қураётган қизига насиҳатларини келтирган. Ўша ибратли насиҳатга эътибор қилинг:
"Қизалоғим, ўсиб-улғайган уйингдан чиқдинг ва ўзинг танимайдиган ва олдин яқин бўлмаган кишининг уйига кетдинг.
1. У учун ер бўл, сенга осмон бўлади.
2. У учун ўрин бўл, сенга устун бўлади.
3. У учун чўри бўл, сенга у қул бўлади.
4. Унга хиралик қилма, ёқтирмай қолади.
5. Ҳадеб ундан ҳар нарсани талаб қилаверма, зада бўлади.
6. Ундан узоқлашма, эсдан чиқариб қўяди.
7. Сенга яқин бўлса, унга яқин бўл.
8. Сендан узоқлашса, ундан узоқ бўл.
9. Унинг бурни, қулоғи ва кўзини муҳофаза қил, фақат гўзал сўз тингласин ва сенинг чиройингни кўрсин".
Ибратли қайнона
Бир мўътабар онахонни танийман. Уни маҳаллада ҳамма "ая" деб чақиради. Тўққиз келин олган. Келинларининг ҳаммасини ўзи она бўлиб тарбиялаган. Уларнинг айбини ўғилларидан яшириб, ёш оиланинг аҳил ва иноқ бўлишини таъминлаган. Бу суҳбатни ўша онахоннинг турмуш ўртоғи, нуроний отахон ибрат учун менга айтиб берган эди:
- Кенжа келинимизнинг пазандалик борасида тажрибаси йўқ экан. Аянгиз етмишга кирганига қарамай олти ой келинни ёнига ўтирғизиб, овқатни ўзи пиширди, унга пишир-куйдирни ўргатди. Энг қизиғи, ана шу олти ой ичида ўғлимиз овқатни онаси қилганини билмади. Гоҳида аянгизнинг кир юваётганини кўрардим - ўғлимизнинг кийимларини. Мен: "Эй, жонингга раҳминг келсин! Бу нима қилганинг?!" десам, "Келин ҳали ёш, арзимаган кирни деб икки ёшнинг орасига совуқчилик тушмасин", дейди. Бир куни келин шимни дазмоллаётиб, куйдириб қўйибди. Ўғлимиз сезмасин, деб аянгиз дазмолни қўлига олиб, "Қарилик қурсин, ўғлим, куйдириб қўйдим", деган эди. Ана шундай, тўққиз келинни ўз қизларидай билиб мустақил ҳаётга тайёрлади. У: "Биз ёшларнинг айбини қидириб, уларни ўсиб-унишдан тўхтатиш ўрнига, айбларини яшириб, билмаганини ўргатиб оёққа турғизишимиз керак", дер эди.
Фазилатли куёв
Бугун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлига энг кўп яхшилик қиладиганларингиздир", деган ҳадисларига амал қилиб, ҳаммага намуна бўлаётган мард ўғлонларимиз кўп.
Бугун аёлининг баъзи камчиликларини кўрганда, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Аёлларга (яхши) муомала қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Шундай экан, аёлларга (яхши) муомала қилинглар!", деган ҳадисларига амал қилиб хатоларини кечириб, аҳил бўлиб яшаётган мард куёвларимиз бор.
Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аёлларга яхши ва чиройли муомала қилинглар. Улар сизнинг ҳузурингизда Аллоҳнинг омонати", деган эдилар.
Аллоҳ таоло ўзига омонат қилиб берган жуфти ҳалолини эъзозлаган ана шундай фазилатли эркаклар бу иши билан фарзандларининг яхши тарбия кўриб улғайишига ҳам жуда катта шароит яратадики, бундан ўзларининг икки дунёсига ҳисобсиз фойдалар етади.
Таклиф
Инсонлар тўкин-сочин яшашни қанчалик хоҳласа, аҳил-иноқ яшашни ҳам шунчалик истайди. Бунинг учун эса оилага зарур билим керак бўлади. Бунда китобхонликдан фойдалироқ нарсани топиш қийин. Ҳар қайси оилада, у дунёвий ёки диний бўладими, сара китоблар ўқилса, ахлоқ ва тарбияда ҳам ижобий ўзгаришлар юзага келаверади. Чунки қилаётган ҳаракатини, айтаётган сўзини баҳолай оладиган киши ёмон гапларни айтиб бировни ранжитмайди, дилозорлик қилишга тарбияси йўл қўймайди. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлга бошласин! Оилалар мустаҳкам, тинч-хотиржам бўлсин. Зеро, оила жамиятнинг устунидир.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли