Меню
Қашқадарё
БАҒРИКЕНЛИК ТАМОЙИИЛИ АСОСИДА
Мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам ушбу қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тегишли муассаса, идоралар раҳбарлари ва бошқа масъуллардан иборат ҳудудий комиссия ва ушбу қарорнинг амалиётда қўлланишида жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.
Қарорга асосан жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Амнистия акти билан озодликка чиқиб, вилоят ҳудудига келадиган шахсларни мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ ҳисобга олиш, ижтимоий фойдали меҳнат билан бандлигини таъминлаш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Қарорнинг амалиётда қўлланилишида жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари вилоят ҳудудида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида бўлишиб, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказишмоқда, уларнинг шахсий йиғма жилдлари билан танишиб, амнистия актининг уларга нисбатан қўлланишида бевосита иштирок этишмоқда.
Суҳбатларда ҳукуматимиз ва халқимизнинг бундай бағрикенглиги бир имконият эканлиги, энди ҳаётда тўғри йўлни танлаш лозимлиги тушунтирилаяпти. Собиқ маҳкумларни уйларига кузатиш тадбирларида ота-оналари, жамоатчилик вакиллари қатнашаяпти. Бу ҳам уларга руҳан кўмак бўлади.
Шунингдек, қарор ижросини таъминлаш жараёнида жазони ўташ жойларидан озодликка чиқарилганларнинг ижтимоий-маиший таъминоти ва уларни ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларда меҳнат шароитига кўникма ҳосил қилиш учун барча имконият ишга солинмоқда. Ҳокимликлар ҳузуридаги махсус комиссиялар, ижтимоий кўникма марказлари томонидан уларга ижтимоий-маиший, моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Хусусан, жазони ижро этиш, тақсимлаш, қабул муассасаларидан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амнистия актига асосан озод қилинган 146 нафар шахс рўйхатга олиниб (жорий йилнинг 21 ноябрь ҳолатида), тегишлича тарбиявий-профилактик ҳамда ижтимоий-моддий ҳимоя чоралари кўрилмоқда.
Жазодан озод этилганларнинг 3 нафари нафақахўр, 138 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, уларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди ва 81 нафари ижтимоий фойдали меҳнатга йўналтирилди. Қолганлари ҳам яқин кунларда ўзларига маъқул келган ишга жалб қилинади.
Шунингдек, амнистия актига асосан жазодан озод қилинганлардан 4 нафари (Қарши шаҳри, Яккабоғ ва Миришкор тумани) касб-ҳунар коллежига ўқишга қайта тикланди, 2 нафари (Яккабоғ, Миришкор тумани) вояга етмаган шахс бўлиб, таълим муассасасига йўналтирилди.
Рўйхатга олинганлар орасида 4 нафар 2-гуруҳ ногирони (Қарши шаҳри, Косон ва Яккабоғ туманларидан) ва 1 нафар сил касаллигига чалинган киши (Китоб туманидан) мавжуд. Айни пайтда уларни даволаш чоралари кўрилмоқда.
Марказлар томонидан рўйхатга олинган шахсларнинг 118 нафарига озодликнинг дастлабки кунларидаги муаммоларини ҳал этишлари ҳамда паспорт олиб, янгича ҳаёт бошлашлари учун 105 миллион 233 минг 415 сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Қолганларга ҳам тез кунлар ичида моддий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади.
Шу билан бирга, амнистияга асосан озодликка чиққан шахсларнинг биометрик паспорт олишлари учун жойлардаги паспорт бўлинмаларига йўлланмалар берилиб, рўйхатга олиш ишлари бошлаб юборилган.
Уларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Тиббий кўрикдан ўтган шахсларнинг 7 нафарида стоматик касалликлар аниқланиб, уларнинг тиббиёт муассасаларида бепул, яъни давлат маблағлари ҳисобидан даволанишлари таъминланаяпти.
Шу билан бирга, рўйхатга олинган шахсларнинг 1 нафари аёл киши бўлиб, хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга оид чоралар кўрилмоқда.
Умуман олганда, амнистия тўғрисидаги ҳужжат нафақат демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг устувор тамойилларини, балки халқимиз минг йиллардан буён асраб-авайлаб келаётган қадриятларни, бағрикенглик ва мурувват каби олий фазилатларни ифодалаши билан эътиборга молик.
Исломбек САЛОМОВ,
вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш кўникма маркази бошлиғи