Меню
Қашқадарё
БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ЁРҚИН ИФОДАСИ
Бу эса билиб-билмай жиноятга қўл урган, бунинг учун қонуний жазони ўтаётган ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган фуқароларнинг муддатидан олдин ўз яқинлари, оиласи бағрига қайтишига имкон яратди. Улар орасида вилоятимиз фуқаролари ҳам кўпчиликни ташкил этади.
- Шу кунга қадар республикамиздаги турли жазони ўташ муассасаларида бўлган ва ўз оилалари бағрига қайтиб келган 72 нафардан зиёд фуқаро рўйхатга олинди, - дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш кўникма маркази бошлиғи Исломбек Саломов. – Айни пайтда бу борадаги ишлар давом этмоқда. Марказимиз томонидан жазони ўташ муассасаларидан оиласи бағрига қайтиб келаётган фуқароларни тегишли тартибда рўйхатга олиш билан бир қаторда, уларнинг ижтимоий-маиший таъминоти, ишга жойлашиши, саломатликларини тиклаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эркин меҳнат шароитига кўникма ҳосил қилиш учун барча имконият ишга солинаяпти.
Дарҳақиқат, Президентимиз фармони асосида афв этилиб, жазодан озод бўлган фуқаролар ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Улар ҳар томонлама эътиборда бўлади. Яъни жазодан озод қилинган шахсларнинг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш ва уларни иш билан таъминлаш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларнинг тегишли таълим муассасаларига юборилишини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.
- Маҳалламиздан содир этган жиноятлари учун жазони ўтаётган икки нафар фуқаро авф этилиб, оиласи бағрига қайтди, - дейди Қарши туманидаги Ўзбекистон Мустақиллиги маҳалласи раиси Жамила Шарипова. - Ҳозирда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг ижтимоий ҳимоясига оид барча зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Жумладан, ўз оиласи бағрига қайтган фуқароларимиздан бири Дилшод Хушмуродов бир неча кун аввал ташкил этилган меҳнат ярмаркасида ўзига муносиб иш топиб, аллақачон ишни бошлаб юборди. Иккинчи фуқаромизни ҳам ўзига муносиб иш топишига, албатта, кўмаклашамиз. Демоқчи бўлганим, жазодан озод этилган фуқаролар ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Ҳар томонлама ҳимояга, эътиборга олинади.
Албатта, Президентимиз, халқимиз адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларни кечирди, улар оиласи бағрига қайтарилди. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир. Уларнинг дил розларига қулоқ тутсангиз, билдирилган бу ишонч нафақат ўзи, балки оиласи, фарзандлари ҳаётида қанчалик муҳим ўринга эга бўлганини, бир оиланинг бахти, тўкислиги, фарзандлар қалбидаги кемтиклик тўлдирилганини тушуниш қийин эмас.
Ёмонга ёндашсанг қоларсан уятга, деганларидек, Қарши туманилик Фахриддин Жабборов ҳам Россияга ишлаш учун бориб, нияти қинғир кишилар билан ҳамхона бўлиб қолган эди. Улар диний мазмундаги, мамлакатимизнинг конституциявий тузумига қарши видеоматериалларни томоша қилишар, юртимизга қарши турли иғволарни тарқатишарди. Фахриддин эса бу ишларнинг моҳиятини яхши англаса-да, уларнинг бўлмағур сафсаталарига шерик бўлиб юраверди, ўз вақтида тегишли органларга хабар қилмади. Қачонки, бу иши учун айбланиб, суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганидагина унинг кўзи очилди. Белгиланган жазонинг 2 йилу 9 ойини панжара ортида ўтказди. Бу йиллар ичида онасининг кўз ёшлари қуриди. Ака-ука, опа-сингилнинг ҳар куни, ҳар лаҳзаси уни ўйлаб надоматда, изтиробда ўтди. Бугун эса Фахриддин ҳам Президентимиз фармони асосида афв этилиб, муддатидан олдин оиласи бағрига қайтди.
- Ёшлик қилганим, жиноят иштирокчисига айланиб қолганимни ўйлаб, ҳамон юрагим азобда, - дейди у. - Ўтмишда йўл қўйган нотўғри қадамим нафақат ўзим, балки оила аъзоларим учун ҳам нақадар катта надоматларни олиб келди. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй олдида қилмишимдан қаттиқ изтиробдаман. Президентимиз, халқимиз менинг қилган хатойимни кечириб, тўғри йўлни танлаб олишим учун имконият берди. Ана шу ишончни, эътиборни юксак масъулият деб билиб, уни оқлашга ваъда бераман. Жамиятнинг фаол аъзосига айланиб, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшиш учун бор кучимни ишга соламан.
Албатта, афв этилиб, жазодан озод бўлиш жиноят содир этганлар учун имтиёз эмас, балки "кўр ҳассасини бир марта йўқотади", деганларидек, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганларга берилган бир имконият. Зеро, доно халқимизнинг "Адашганнинг айби йўқ, қайтиб йўлини топса", деган пурҳикмат мақоли бежиз айтилмаган. Ўйлаймизки, ушбу фармон туфайли имкониятга эга бўлганлар озодликдек инсон учун сув ва ҳаво каби тенгсиз неъматнинг қадрига етиб, ўз оиласи, юрти учун астойдил хизмат қиладилар.
Ж.БОЙМУРОДОВ
* * *
Суратда: Қарши туманилик Фахриддин Жабборов яқинлари билан.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.