Меню
Қашқадарё
Бағрикенглик – бу ўзаро ҳурмат, тўғри тушуниш, қабул қилишдир
Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари аҳолиси сингари ўзбекистонликлар ҳам Халқаро бағрикенглик кунини нишонлашмоқда.
Бу куннинг пайдо бўлиш тарихига назар ташласак, бундан роппа-роса 25 йил олдин – 1995 йил 16 ноябрда - ЮНЕСКОга аъзо мамлакатлар томонидан Бағрикенглик тамойиллари декларацияси қабул қилинган эди. Бир йил ўтгач, 1996 йил декабрда, БМТ Бош ассамблеяси ушбу санани ҳар йили Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонлашни таклиф қилди.
Чорак аср олдин қабул қилинган декларацияда таъкидланганидек, бағрикенглик – бу дунёмиз маданиятларининг бой хилма-хиллигини, ўзлигимизни намоён қилиш шакллари ва инсоннинг индивидуаллигини ифода этиш усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш, тўғри тушунишни англатади. Бунга эса билим, очиқлик, мулоқот ҳамда фикр, виждон ва эътиқод эркинликлари йўл очади.
Мамлакатимизда жорий йилда Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган бир қатор тадбирлар “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизми олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил қилинмоқда.
Мазкур лойиҳа Германиянинг Федерал ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмаги билан Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH ва DVV International томонидан биргаликда амалга оширилаётган “Марказий Осиёда зўравонлик экстремизмининг олдини олиш” (PREVECA) лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.
Муҳим санага бағишланган бундай тадбирлар бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни тарғиб қилиш, тинч ҳамжамиятларни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда зўравонлик ва камситишнинг барча турларига қарши барқарорликни оширишга қаратилган. Уларнинг ташкилотчилари – лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг волонтёр-кўнгиллилари ва журналистлардир. Жумладан, Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали академик лицейида Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Ташаббускорларнинг фикрига кўра, барча тадбирлар – семинар-тренинглар, жамоат муҳокамалари, маърузалар, инсон ҳуқуқлари ва ўзаро ҳурматга асосланган зўравонликсиз жамият ғоясини илгари суришга ёрдам беради.