Меню
Қашқадарё
БАҲОРДЕК СЕВИМЛИ ШОИР
Ташбеҳнинг гўзаллигини қаранг, атак-чечак қадам ташлаётган боладан ҳам ширин ва беозор нарса бормикан бу оламда?!
Боланинг ҳаётга илк қадамидек баҳор яшаришга, янгиланишга бошловчи қадам эмасми?
1967 йил. Баҳорнинг илк кунларидан бирида домламиз Озод Шарафиддинов ва Умарали Норматов аудиторияга бошига дўппи кийган, қотмадан келган йигитни бошлаб киришди. Озод Шарофиддинов уни ҳар доимгидек кўтаринки кайфиятда бизга таништирди.
- Бу йигитни танийсизларми? Танимасанглар таниб қўйинглар, ёш шоир Абдулла Орипов, - дедилар.
Ҳамма қарсак чалиб, ўрнидан туриб кетди. (Мен шоирни танир эдим. Ўқувчилик пайтимизда талабалик давридаёқ илк китобини нашрдан чиқарган Абдулла Орипов билан мактабимизда учрашув ўтказилган эди. Менинг адабиётга ҳавас қўйишимга ҳам ана шу учрашув сабаб бўлганди).
Шоир минбар ёнига келди-да, “Онажон” деган шеърини ўқий бошлади. Шеър янги ёзилган, ҳеч жойда босилмаган эди. Кейин “Баҳор”, “Сен баҳорни соғинмадингми?” шеърларини ўқиди, ўқиди-ю, бирор сўз демай аудиториядан чиқиб кетди. Биз шоирнинг шеърларига тўймай қолдик. Шу-шу унинг изидан эргашиб юрадиган бўлдик. Қаерда у билан учрашув бўлса ёки янги китоби тақдимоти ўтказилса, етиб борардик. Етмишинчи йилларда китобхонлар, айниқса, ёшлар орасида шоирнинг обрўси, қадри шу қадар баланд эдики, янги босмадан чиққан китоблари бир кунда сотилиб кетарди. Уларни талашиб-тортишиб ўқирдик. Айримларидан бир нечталаб харид қилиб, олиб қўярдик. Албатта, биз филолог, журналистлар китобдаги ҳамма шеърни ёд олардик. Шоирнинг “Кўзларим йўлингда”, “Онажон”, “Руҳим”, “Нажот қалъаси” сингари тўпламларидаги шеърларни қанчалик меҳр билан ёдлаганимни, улар ҳамон кўнгил қатида мавжланиб турганини фахр билан айта оламан.
Шоирнинг ҳар бир сатридан эзгулик, гўзаллик тўкилиб туради, ўқиган сари ўқигингиз келаверади. Юрагингиздаги энг инжа туйғулар жунбишга келади. Улар ҳеч қандай таҳлил талаб қилмай, қалбингизга ўзи йўл топиб, кириб бораверади.
Келдим қошингизга чопиб энтикиб,
Майсага бурканган тоғ этаклари
Уч ой йўлингизда ётдим кўз тикиб,
Эй, баҳор бекаси –май чечаклари.
Биз шоир Абдулла Ориповни бениҳоя севардик. У яратган шеърият кексаю ёш учун бирдек ардоқли эди ва ҳозир ҳам шундай. Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Қиш пайти эди, зарур иш билан Ғузор чўлидаги бир чўпоннинг отарига бордик. Қиш куни қисқа эмасми, бир пасда қоронғи тушди. Уйга қоламиз деб айтмаганмиз, қайтиш керак, йўлгача чиқариб қўядиган улов йўқ. Ниҳоят, тепаликдан тушиб келаётган машина чироғини кўриб севиниб кетдик. Ҳайдовчи йигит кимлигимизни сўради. Журналистлигимизни эшитгач, машинадан тушиб, қайтадан чўпоннинг уйига таклиф қилди.
- Менинг ҳам битта илтимосим бор, - деди у кўрпачага жойлашиб ўтираркан.
Ҳамроҳим билан иккаламиз бирданига “ҳар қандай илтимосга розимиз”, дедик.
- Абдулла акадан бир жуфтдан шеър айтиб берсангизлар бўлди, айтган жойларингизга элтиб қўяман, - деди.
Оддий ҳайдовчи йигит қалбида ҳам шу қадар буюк муҳаббат уйғотолган шоирдан бахтлироқ инсон бормикан бу оламда?! Ўшанда чўпон йигит ҳам шоирнинг яқинда чоп этилган янги китобини етказишимизни илтимос қилган эди.
Айни чоғда шоир ҳам ўзининг ҳақиқий мухлисларини ардоқлар ва уларга қуллуқ қиларди. Ижодкорнинг “Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ”, - деб бошланувчи шеъри айни шуни ифодалаган.
Абдулла Ориповнинг кейинги йилларда ёзган шеърларини жамлаган “Умр манзиллари” деб номланувчи китобини ўқир эканман, буюк ҳикматларни, донишманд инсоннинг теран нигоҳини ҳис қиламан. Ёшликдаги ўтли шижоат, қайноқ туйғулар кексалик дурдоналарига айланганини кўрамиз:
Ночорнинг устидан кулма ҳеч қачон.
Билмасдан камситма, бойвачча ўғлон.
Топган ақчасига нон олгайдир у,
Кекса онасига ё дори-дармон.
Шоирнинг энг сара шеърлари Ватан ва халққа бағишланган. У, ўзи ёзганидек, бутун борлиғини, жону танини ҳам юртига, она халқига бағишлайди.
Агар бола бўлсанг, бағримга босиб,
Елкамда кўтариб юрарман, халқим.
Агар ота бўлсанг, сенга муносиб,
Таянч асо бўлиб турарман, халқим.
Юртини, она халқини бу қадар садоқат билан жўшиб куйлаган завол билмас бу дилбар шеърият абадул-абад севимли бўлиб қолиши шубҳасиз.
Бўстон РАҲМОНОВА,
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси