Меню
Қашқадарё
БЎЛҒУСИ ҲАРБИЙЛАР УЧУН ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ
Ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, Ватанга виждонан ва сидқидилдан хизмат қилиш шарафли бурч экани, машаққатли хизмат ортида юртимиз манфаатлари ва халқимизнинг бахт-саодатини таъминлаш мужассамлигини ёшлар қалбига сингдириш каби мақсадлар кўзланган тадбирда ёшлар ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан танишишди, кўргазмали тадбирда иштирок этишди.
Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Исматулла Шоймардоновнинг маълум қилишича, айни пайтда академик лицейда 520 ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида 3 мингга яқин талабгор ушбу таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган. Махсус-профессионал танлов асосида уларнинг 936 нафари танлаб олиниб, сўнг тест синовларига киритилган. Улар ичидан энг муносиб 230 ўғил-қиз ўқишга қабул қилинган.
- Кўриниб турибдики, бу ерда таҳсил олаётганларнинг аксарияти кейинги ҳаётини ҳарбий соҳа, ички ишлар тизими билан боғлаш ниятида бўлган ёшлардир, - дейди ҳарбий қисм командири Собитжон Раимбердиев. – Ҳарбийлар ҳаёти билан бевосита танишиш жараёнида уларда касбга қизиқиш ортади, мақсади қатъийлашади.
Тадбирда дастлаб қўл жанги усулларини бажариш бўйича кўргазмали чиқиш намойиш этилди. Сўнг академик лицей ўқувчилари АК-74 қуролини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш машқини бажарди. Ҳарбий қисм аскарларининг тантанали маршидан кейин кўргазмали ўқув жараёнларига навбат берилди. Ўқувчилар аскарлар ётоқхоналари, спорт зал, кутубхона, автомобиль паркидаги ҳарбий техникаларни кўришди, улар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
- Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кирмоқчиман, - дейди Шоҳжаҳон Аҳмедов. – Шунинг учун айни пайтда рус, инглиз тилларини қунт билан ўрганаяпман. Бу ердаги шароитлар билан танишиб, яхши касбни танлаётганимга ишонч ҳосил қилдим.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.