Меню

Қашқадарё

18.08.2020 1409

Бўйи 3 метр, оғирлиги 4,5 килограмм

Гиёҳванд моддалар истеъмоли қачон ортади? Қачонки, “маҳсулот” кўп бўлса, исталган вақтда етказиб бериб турилса. Шунинг учун гиёҳвандлифк ўсимликларини эккангаям, нашавандга етиб боришида воситачилик қилгангаям жазо қатъий ва муқаррар. Шунга қарамасдан томорқасига тақиқланган экинлар уруғини қадаб “деҳқончилик” қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Китоб тумани Шатри қишлоғида яшовчи, 38 ёшли Я.Ҳ.нинг яшаш ҳовлисидаги уч туп каннабис ўсимлиги анча авж олиб, бўйи нақ 3 метрга етибди. Бунга 2020 йилнинг 5 август куни соат 14:30 да ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гувоҳ бўлинди.

Судга оид кимёвий экспертиза хулосасида Я.Ҳ.нинг ҳовлисидан олинган бўйи 250 сантиметрдан 280 сантиметргача, поясининг қалинлиги 24 миллиметрдан 41 миллиметргача бўлган, уч туп нам ҳолдаги (қуритилмаган) ўсимликларнинг жами соф оғирлиги 4500 грамм эканлиги кўрсатилган.

ИИВ хузуридаги тергов департаментининг  хабар беришича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда бир савол туғилади: тақиқланган ўсимлик 3 метргача ўсибдию, наҳотки бунга қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўйдагиларнинг кўзи тушмаган, эътиборини тортмаган бўлса? “Томорқага уни эк, буни эк” деб тавсия берадиган маҳалла тизими вакиллари Шатридаги хонадонга бирор марта кирмаган экан-да. Лоқайдлик, бепарволигимиз, ишимизнинг асл юзи шундай дамларда очилиб қолиши ёмон-да...

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!