Меню

Қашқадарё

15.02.2019 1740

АЖДОДЛАРДАН МЕРОС БЕБАҲО САНЪАТ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вилоят бўлими ҳамда Қарши ихтисослаштирилган маданият мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда адабиётшунослар, ўқувчи-ёшлар ҳамда кенг  жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирилди. Юртсеварлик, ватанпарварлик, мардлик ва жасорат, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари акс этган ғазаллар ўқувчи-ёшлар тилида жаранглади.

- Заҳириддин Муҳаммад   Бобурдан мусиқага оид катта илмий мерос қолган, - дейди Қарши ихтисослаштирилган маданият мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Бобур Зойиров. - Унинг "Мухтасар" рисоласида нафақат санъаткорларга таърифу тавсиф берилган, балки мусиқий жанрлар таҳлил ҳам қилинган. Ўз даврининг маҳоратли созандалари Қул Муҳаммад Удий, Шайхий Нойи, Ғулом Шодий ва бошқаларнинг ғижжак, уд, най асбобларини чалишдаги ютуқ ва камчиликлари ҳақида сўз юритилган.

Шунингдек, йиғилганлар Бобур қаламига мансуб машҳур "Қолдиму" радифли ғазалининг "Тархоний" куйи билан айтилиб, туркий улусда жуда машҳур бўлгани, шунингдек, мусиқага оид "аргуштак", "тақсим", "аёлғу" каби тарихий атамалар ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.

Бобур ғазаллари асосида айтилган куй-қўшиқлар кечага ўзгача файз бағишлади.

                                    С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!