Меню
Қашқадарё
Ажабо, фермерлар ғалласини тортиб олган қонунбузарлар жазоланармиш
Ғаллани деҳқон парваришлайди, ҳосилга келганда эса эга кўпаяди. Бу бор гап. Нима эмиш: отряд - ўрим-йиғим вақтида далани ёнғиндан сақлаш, дон талон-торож бўлмаслиги, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, нест-нобудгарчиликка йўл қўймаслик ва ҳоказолар учун шундай қилинаркан.
Ўз вақтида ер тайёрлашни, уруғ сепишни, суғоришни, ўғитлашни, ҳашаротларга қарши курашишни фермерга ишониб топшириб, қорасини кўрсатмай юрганлар энди баковул. Фермер уларга хизматда: сув ташиган, тушликка овқат тайёрлатган, "ёрдамчи"лар шайлиги"ни таъминлаш учун дарахт соясидаги супада жой ҳозирлаган.
Қизиқда, отряддагилар нега ғалла сарғайиб пишиши биланоқ далага келиб ётиб олмайди? Ахир ўшандаёқ ёнғин, талон-торож, нобудгарчилик хавфи юзага келади-ку. Йўқ, камбайн ортидан тизилишиб келишади. Шартнома режаси бажарилмай қолса, фермерни туртиб-силкишга тушишади, ортиқча дон чиқса, аввал "фоиз"ни бажартиришиб, кейин қоп кўтариб "капсан"га келаверишади. Уларга қонун назар-писанд эмасди.
Таниш манзара а? Буларни нимага асосланиб ёзаяпти, деб ўйларсиз? Аввало бошимдан ўтган, яна қанча ғалла ҳосилининг шартнома режасидан ортиқчаси ҳам зўрлик билан олиб кетилган деҳқону фермерлардан эшитганман. Ҳатто беш-олти йил аввал вилоятдан бириктирилган бир масъул туман режаси тўлмай қолгани учун Яккабоғнинг тоғли қишлоқлари аҳолиси адирликлардан бир парча ер очиб эккан лалми ғалласи ҳосилини ҳам тортиб олиб келгани билан мақтанганди.
Ўша пайтда бу каби хунук ишлар одатий тус олганди, ҳеч ким фермернинг дардига қулоқ тутмагач, йил бўйи қора терга ботиб, дон илинжида дала кезган деҳқон парваришлаган ғалласининг фақат сомонига эга бўлиб қолаверарди. Шунинг ортидан фермерликка қўл силтаб кетганлар қанча?!
Ажабо, қонун устувор мамлакатда бу каби қўштирноқ ичидаги анъаналар ҳалиям давом этаяпти экан. Ижтимоий тармоқларда заҳматкаш деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган дон ғалла хирмонларини тўлдираётган бир пайтда, фермерлардан ҳосилнинг давлат режасидан ортиқча қисмини ҳам тортиб олиш ҳолатлари, шунингдек, эгасининг розилигисиз омборидан олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ана шу паллада Адлия вазирлиги қонунларни менсимасдан фермернинг режадан ортиқча ғалласини тортиб олаётган айрим мансабдор шахсларга амалдаги қонунчиликни эслатиб, уларга нисабатан жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантирди.
Шундай қилиб, йиллар кутилган расмий идора муносабати айтилди. Бинобарин, аввал бу мавзуда ҳолатни кўриб-билиб турса-да ҳеч бир масъул идора гап қотишни истамасди. Демак, шу билан янги Ўзбекистон яна бир жабҳадаги кўриб, кўрмасликка олиш анъанасига барҳам берди.
Идора муносабатида "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунга кўра фермер етиштирган маҳсулот унинг мулки ва у давлат ҳимоясида экани; Конституциянинг 53-моддасига кўра хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги эслатилади.
Худди шундай, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида"ги, "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида"ги қонунларда ҳам тадбиркор ҳисобланган фермерларнинг мулки давлат томонидан ҳимояланиши кўрсатилган бўлиб, фермерларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий (9,8 миллион сўмдан 19,6 миллион сўмгача жарима) ва жиноий (7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгилангани уқтирилади.
"Режадан ортиқча ғаллани олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жойларига уларнинг рухсатисиз кириш Конституциянинг 27-моддасига тўғридан-тўғри зид келади ва айбдор Жиноят кодексининг 142-моддасига кўра 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади" дейилади муносабатда.
Адлия вазирлиги тушунтиришига кўра, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фермерлар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.
"Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунга кўра фермерлар давлат эҳтиёжлари учун етиштирган ҳосилни контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларда етказиб беришга мажбурдир. Контрактация шартномаларида назарда тутилган мажбуриятдан ортиқ ҳажмда маҳсулот талаб қилиш қонунчилик ҳужжатларига зид ҳисобланади.
Шартномавий муносабатлар бўйича вужудга келган низолар фақат ўзаро ёки суд тартибида ҳал этилиши лозим. Бундай ҳолатларда зўравонлик ишлатиш ёки ўзгача усулда ноқонуний мажбурлаш - қонун бузилиши ҳисобланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.
Ана шулар ҳақида эслатиб ўтган ҳолда, идора тегишли мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларини қонунларни ҳурмат қилишга ҳамда фермерларнинг ҳуқуқларини бузмасликка чақирган. Қонунни менсимаган ва фермерларнинг ҳуқуқларини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши ҳақида яна бир маротаба огоҳлантирган.
Ўз ўрнида, Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими:
"Ҳурматли фермерлар, ҳуқуқингиз бузилган ҳар қандай ҳолатда, зудлик билан адлия органларига ("1008" - қисқа телефон рақами ёки @fermergamadadbot - телеграм боти орқали) мурожаат қилинг.
Сизнинг ҳуқуқларингиз албатта ҳимоя қилинади!" дея маълум қилган.
Энди шу билан нимадир ўзгарса яхши. Аксинча, айрим ҳуқуқбузар зўравонларга қонун ҳамма учун тенглигини, қонун ишлашини намойишкорона кўрсатиб қўйиш керак бўлади. Зора шундан сўнг ўша масъуллар фермерларнинг ҳуқуқларига дахл қилаётганда ич-ичидан жавобгарликни ҳис қилиб туришса. Зеро, Адлия вазирлиги ўз муносабатида эслатган қонунлар аввал ҳам бўлган, бугун ҳам амалда.
Ўз мухбиримиз