Меню
Қашқадарё
ҲАЖ ЗИЁРАТИ ҚАНДАЙ АДО ЭТИЛМОҚДА?
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили ўринбосари, "Ҳаж-2018" мавсуми гуруҳ раҳбари Ражабали Норқўчқоровнинг Макка шаҳридан маълум қилишича, Саудия Арабистонида зиёратчилар учун ҳашаматли меҳмонхона, қулай шароитлар, истеъмоллари учун покиза ва лаззатли таомлар, борадиган манзилларига элтувчи автобуслар, малакали тиббий хизмат муҳайё қилинган.
Бўлажак ҳожиларимиз Мадина шаҳридаги "Масжид ан-Набавий" яқинидаги "Жавҳарат ар-Рошид" меҳмонхонасига жойлашишди. Улар дастлаб Уҳуд тоғига чиқиб, бу ерда шаҳид бўлган саҳобалар қабрларини зиёрат этиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилдилар. Бу улуғ тоғ муборак макон саналади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Уҳуд тоғи бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шунинг билан бирга, зиёратчилар ушбу барокотли шаҳарда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг равзаларини, "Жаннатул бақеъ" қабристонини ҳамда ислом тарихида биринчи қурилган "Қубо" масжидини ва яна "Қиблатайн" масжидини зиёрат қилдилар.
Сафарнинг тўртинчи куни зиёратчилар Умра ибодати учун эҳромга кириб, Макка шаҳри томон йўл олдилар. Улар Маккадаги муҳташам "Аброж ал-Ҳидоя" меҳмонхонасига жойлашишди. Бу ерда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов иштирокида учрашув ташкил қилинди. Унда Ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига муносиб бўлиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиши зарурлиги билдирилди. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берганларидек, "Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир".
18 август куни аср намозидан кейин қашқадарёлик зиёратчилар Ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида эҳромга кириб, Мино водийсига отландилар. Мино водийсида 1 кун туриб, Арофатга бордилар. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз Ҳаж бўлмайди. Арофат дуолар ижобат бўладиган улуғ жойлардан биридир. Арофатда суюкли ҳабибимиз Пайғамбар алайҳиссалом қуйидаги дуони ўқиган эканлар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги Пайғамбарлар айтган сўзнинг энг яхшиси - "Лаа илааҳа иллаллооҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр"дир" (Имом Термизий ривояти).
Ҳожилар Арофатдан Муздалифага йўл олдилар. У ерда бир кеча тунаб, яна Мино водийсига келдилар. Мино водийсида Ҳаж ибодатининг қолган амалларини бажариб, 23 август куни меҳмонхонага қайтишди. Энди ҳожилар юртимизга қайтгунларига қадар Макка шаҳридаги бошқа табаррук жойларни зиёрат қилишади, кўпроқ вақтларини ғанимат билиб, Каъбатуллоҳ жойлашган Масжид ал-Ҳарамда қўшимча нафл ибодатларини бажариш билан унумли ўтказадилар.
Воҳамиз ҳожиларининг дастлабки гуруҳи юртимизга 10 сентябрда қайтиши кутилмоқда.
Б.САЙФИЕВ