Меню

Қашқадарё

03.03.2018 1947

АВВАЛИГА ТИББИЙ, КЕЙИН ЭСА ТУРИЗМ ХИЗМАТИ

Эзгу ташаббус ўзини кўп куттирмайди деганлари рост. Мана мисол. Бироз аввал Қамаши туманида ҳам хусусий тиббиёт муассасалари яна биттага ортди. Ишбилармон, “Тонг шифо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Моҳира Бешимқулова аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, муҳим йўналишни йўлга қўйди. Айни пайтда муассасада ҳудуд одамларига бир неча турдаги тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

- Клиникамизни барпо этишга банкдан 200 миллион сўм кредит олгандик, бунга ўз маблағимизни ҳам қўшдик, - дейди тадбиркор. – Натижада қаровсиз ерда муҳташам мажмуа қад ростлади. Муассасамиз зарур тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди. Бу ерда 3 нафар олий тоифали шифокор меҳнат қилаяпти. Хизматларимиздан аҳоли мамнун. Асосийси, бу йўналишда монеликсиз фаолият юритишимиз учун қулайлик кўп. Имтиёзлардан фойдаланаяпмиз. Ортган маблағни янги ихтисосликларни йўлга қўйишга, моддий-техника базамизни мустаҳкамлашга сарфлаймиз.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, мазкур мажмуадан хусусий клиникадан ташқари савдо дўкони ва 9 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ҳам жой олган. Ҳозирда меҳмонхонада клиникага узоқ масофадан келиб даволанувчи мижозларга хизмат кўрсатилаяпти. Кейинчалик бу ерга туристларни ҳам қабул қилиш кўзда тутилган. Бугунги кунда бу борада ҳам иш олиб борилмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!