Меню

Қашқадарё

19.02.2021 1445

Аввал машина, сўнг коврак экиш учун ер олиб беришга ваъда қилди. Шу билан 215 миллион сўмга чув туширди

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро Деҳқонобод туманида яшовчи танишини 215 миллион сўмга чув туширди. Бу ҳақда туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Мирзаевга таяниб Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, сурхондарёлик 42 ёшли А.Ҳ. Деҳқонобод туманидаги таниши Х.Муҳаммадиевга дастлаб машина олиб беришни ваъда қилиб, унинг 80 миллион сўм пулини олади. Айтилган вақт ва фурсат етса-да, машинадан дарак бўлмайди.

Пули ёки машинасини сўраган танишига эса, унда янги фикр туғилганини айтиб, коврак шираси олди-сотдиси билан шуғулланишни таклиф қилади. Ёлғон гаплар билан танишининг ишончига кирган фуқаро коврак экиш учун ер олиб бериш ваъдаси билан ундан яна пул олади. Шундай қилиб, алдов йўли билан қўлга киритилган 215 миллион сўм пул шахсий манфаатлар учун сарфлаб юборилади.

Деҳқонобод туманининг Яшнобод маҳалласида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Хуршид Отаназаров, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ғайрат Ҳайдаров иштирокидаги йиғилишда айни масала муҳокама қилиниб, 215 миллион сўмни “еб кетган” фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Йиғилишда сўз олган маҳалла раиси ва фаоллар кишиларни ҳушёрликка чақириб, фирибгарлик қурбонига айланиб қолмасликлари бўйича мулоҳазаларини билдиришди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!