Меню

Қашқадарё

23.06.2018 1805

АВВАЛ МАҲСУЛОТ САҚЛАРДИ, ЭНДИ ЭКСПОРТ ҲАМ ҚИЛАЯПТИ

Тумандаги "Китоб агро пласт" масъулияти чекланган жамиятига қарашли омборхонада ҳам бир мартада 2 минг тоннагача маҳсулотни сақлаш мумкин. Унинг хориждан келтирилган замонавий совутиш ускуналари билан жиҳозлангани ҳам бунга қулай шароит яратади. Совуткичга ҳудуддаги фермерлар ўз маҳсулотини ижара асосида жойлаштириб келмоқда. Бу ерга  асосан олма ва хурмо қўйилади.

Сўнгги вақтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларини экспорт қилувчиларга кўплаб имтиёзлар берилгани, жумладан, жараённи воситачиларсиз амалга ошириш мумкинлиги ушбу тадбиркорлик субъектига ҳам қўл келди. Бултурги мавсумда тумандаги соҳибкорлардан катта ҳажмда узум харид қилинди. Бироз муддат сақлангач, маҳсулот жорий йилда экспортга чиқарилди.

- Яқинда 100 минг АҚШ доллари қийматидаги тоифи навли узумни чет эллик харидорларга етказиб бердик, - дейди корхона иш бошқарувчиси Жавоҳир Муҳаммадиев. - Маҳсулотни - Озарбайжон ва Қозоғистонга сотдик. Келгусида ҳам ҳамкорликни давом эттирамиз. Шу мақсадда кузда узум ғамлашга киришамиз. Ахир имкониятимиз бор экан, ундан ўз ўрнида фойдаланишимиз керак.

Масъулнинг сўзларига кўра, узумнинг харидорга яхши ва сифатига путур етмаган ҳолда етиб боришида муаммо йўқ. Чунки узум ихчам пластмасса қутиларга жойлаштирилади. Асосийси, бу маҳсулот ҳам корхонанинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Хориждан олиб келинган сўнгги русумдаги дастгоҳлар кунига 2 минг донагача турли сиғимдаги қути тайёрлаш қувватига эга.

Тадбиркорлик субъекти фермерлардан тайёрини сотиб олиш билан чекланмай, келгусида ўзи етиштирган маҳсулотни ҳам экспортга чиқаришда катта имкониятга эга бўлади. Гап шундаки, айни пайтда корхона тасарруфидаги 1 гектар майдонда 1000 туп анор парваришланмоқда. 4 йил аввал экилган кўчатлар ҳосилга кирган. Маромига етиб ўсгач, ҳар туп бутадан 25 килограммгача анор териб олиш мумкин. Нави ҳам оддий, жайдари эмас, донаси йирик-йирик бу маҳсулот экспорт талабига тўлиқ жавоб беради. Бу ноз-неъматга ташқи бозорда харидор кўплиги тадбиркорга ўз меҳнатидан қониқиш ҳиссини бераётгани аҳамиятлидир.

 

М.ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!