Меню

Қашқадарё

22.09.2016 2509

АВТОУЛОВСИЗ БИР КУН

Бироқ автоуловларнинг фойдасию қулайлиги ҳақида гапираётиб, танганинг иккинчи томони – уларнинг зарарини ҳам эслаб қўйиш лозим. Худди шу узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилувчи “темир дўст”ларимизнинг атмосферага, атроф-муҳитга салбий таъсири нақадар улканлигини биламизми? Ваҳоланки, автомобилдан чиқадиган тутун атмосферани ифлослантириб, озон қатламининг емирилишига сабаб бўлаётгани мутахассисларни ташвишга солаяпти. Олимларнинг ҳисоб-китобича, ҳавони ифлослантирадиган асосий антропоген омиллардан бири автомобиллар бўлиб, бу борадаги рўйхатда улар биринчи ўринни эгаллайди. Аниқроқ айтганда, умумий зарарнинг 40 фоизи Ер юзида ҳаракатланаётган автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Таъкидлаш керакки, машина моторидан чиқадиган газ таркибида углерод оксиди, карбонат ангидрид, алдегидлар, азот оксиди, углевод, қўрғошин бирикмалари бўлиб, улар нафақат атроф-муҳит софлигига путур етказади, балки инсон саломатлиги учун ҳам кони зиён ҳисобланади. Углерод оксидлари қондаги гемоглобин билан бирикиб, унинг кислород ташиш хусусиятини камайтиради, қўрғошин бирикмаси эса нафас йўллари орқали организмга ўтиб, юрак-қон томирлари фаолиятига жиддий шикаст етказади.

Бу масала дунё мутахассис ва экологларининг диққатини тортганига анча бўлган. Улар инсониятнинг энг нодир кашфиётларидан бўлмиш машиналарнинг бу каби зарарини камайтириш йўлида турли усулларни таклиф қилиш билан бирга жамоатчиликнинг бу муаммога бўлган эътиборини ҳам кучайтиришга ҳаракат қилишаяпти.

 

Ҳисоб-китобларга қараганда, битта автомобиль бир кунда 10-12 литр бензин ёнилғиси ишлатиб, атмосфера ҳавосига 25 килограммча зарарли кимёвий бирикмаларни чиқаради. Бир йил давомида ҳаракатланган битта автомобиль 4 тоннадан ортиқ кислородни йўқотишга қодир. Автомобиллар тўқнашуви туфайли юз берадиган ҳалокатларда эса дунё бўйича бир кунда 3 минг киши ҳаётдан кўз юмади.

 

22 сентябрь – Автомобилларсиз халқаро куни (World Carfree Day) нинг нишонланиши ана шундай ҳаракатлардан биридир. Мазкур сана илк бора Англияда 1997 йилда нишонланган. Бир йилдан сўнг ушбу кунни францияликлар ҳам ўзларининг муҳим саналари қаторига қўшишди. Ўша пайтда бу байрам фақатгина 20 га яқин шаҳарда нишонланган бўлса, 2001 йилдан бошлаб, кўпгина давлатлар бу ҳаракатга расман қўшилишди. Ва эндиликда 35 мамлакатнинг мингдан зиёд йирик шаҳарларида автомобилсиз кун кенг миқёсда нишонлана бошланди. Куннинг асосий шиори - “Шаҳар – инсон учун ҳам, ҳаёт учун ҳам”.

Тўғри, бугунга келиб, ҳеч ким ҳаётини автомобилсиз тасаввур эта олмаганидек, ундан буткул воз кечолмайди ҳам. Шундан келиб чиққан ҳолда тадбир ташкилотчилари шу куни шаҳар бўйлаб велосипедда сайрлар уюштиришади, жамоатчиликка машиналарнинг зарарли тутунлари етказаётган зиён ҳақида тушунча берилиб, соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинади. Экспертлар кишиларга пиёда юришни, зарурат туғилганида велосипед ёки жамоат транспортидан фойдаланишни тавсия этишади ва бунинг эвазига шаҳарда мусаффо ҳавони таъминлашга ҳисса қўшиш мумкинлигини мисоллар ёрдамида тушунтириб беришади. Мазкур сана кенг нишонланадиган шаҳарлар маъмурияти эса шу куни машина қатновини чеклашга эътибор қаратади, фуқароларга трамвай, троллейбус, автобус ёки метро сингари жамоат транспортидан фойдаланиш ё бўлмаса, пиёда юриш, велосипед ёрдамига таянишни тавсия этишади. Бу орқали йилда бир кун одамларнинг эътиборини тоза ҳаво, антропоген омиллар туфайли атмосферага етказилаётган зарарга қаратиш кўзда тутилади. Бундан ташқари, айрим мамлакатларда велосипедни шарафлаш ва велосипедчилар байрамлари ҳам нишонланади. Бу байрамни ўтказишдан асосий мақсад арзон ва зарарсиз транспорт ҳисобланган велосипедни кенгроқ тарғиб этиш, шу орқали табиат, атроф-муҳитни турли зарарлардан асраш ҳамда аҳолини соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ундашдир. Масалан, АҚШнинг Нью-Йорк штатида май ойининг биринчи якшанбаси велосипедни шарафлаш куни ҳисобланса, Нидерландияда майнинг иккинчи шанбасида велосипедчилар куни нишонланади. Нидерландияда велосипедчилар учун махсус йўлаклар ташкил этилиб, ҳатто улар учун светофор – йўлчироқлар ҳам ўрнатилган. 

Бизда мазкур сана расман байрам сифатида тан олинмаган бўлса-да, жойларда эколог ва табиат жонкуярлари ташаббуси билан шу куни турли тадбирлар ташкил этилиши аста-секин одат тусига кираяпти. Велопойгалар уюштириш, махсус акциялар ташкил қилиш орқали автомобилсиз куннинг аҳамияти аҳоли, айниқса, ёшларга тушунтирилади. Автомобиллардан ҳавога чиқарилаётган зарарли тутунларни камайтириш бўйича ҳар йили икки  босқичда ўтказиладиган “Тоза ҳаво” ойлиги бу борадаги самарали тадбирлардан биридир.

Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси атмосфера ҳавосини назорат ва муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Улуғбек Жонқобиловнинг бизга маълумот беришича, бу йилги тадбирнинг иккинчи босқичи 10 августдан 10 сентябрга қадар давом этиб, ойлик мобайнида вилоят бўйича жами 6 минг 482 та автомашина махсус текширувдан ўтказилган.

 

1819 йилнинг май ойида Нью-Йорк кўчаларида биринчи велосипед пайдо бўлди. Уни Англиядан келтиришган эди. Бироқ ўша йилнинг ёзи охирларида шаҳар маъмурияти велосипедни одам ҳаёти учун зарарли деб топди ва шаҳар кўчаларида ҳаракатланишини тақиқлади.

 

- Шундан 5 минг 975 та карбюраторли автоулов текширилганида, улардан 607 тасида, дизель ёнилғисида ишлайдиган 507 та автомашинанинг 57 тасида зарарли моддалар белгиланган меъёрдан ортиқлиги аниқланди, - дейди у. - Автокорхоналарнинг кириш-чиқиш жойларида ўтказилган шундай текширувда эса 162 та автоулов назорат қилинди ва 14,3 фоизида чиқариладиган зарарли модда миқдори меъёрдан юқори экани маълум бўлди. Бундай автомашиналар эгалари ўртасида тегишли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. 

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятимизда 237 минг 252 та автоулов бор. Яъни ҳар 100 оиланинг 42 тасида автомашина мавжуд. Машиналар сони ўтган йилгига нисбатан 39 минг 754 тага ошган. Энди ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Агар шунча машинанинг ҳар биттаси бир кунда ўртача ҳисобда 12 литрдан бензин “еб”, ҳавога ўрта ҳисобда 25 килограммгача зарарли кимёвий бирикмаларни чиқарса, бу бир кунда жами 5 минг 931 тонна зарарли тутун атмосферага сингади, дегани. Модомики, бир йилда бир кун автомашинадан узоқлашиш  орқали вилоятимиз ҳудудида шунча зарарли моддасиз ҳаводан нафас олиш мумкин бўларкан. Бу рақамлар кишини ўйлантириб қўйиши табиий. Хулосани эса ҳар кимнинг ўзи чиқаргани маъқул.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!