Меню

Қашқадарё

14.02.2020 224

АВТОСТАНЦИЯ ДАРВОЗАСИДАГИ ҚУЛФ ВА “ЭСКИ МАНЗИЛЛАР”ДАГИ ТАРТИБСИЗЛИК

Фотонигоҳ

Айни пайтда вилоятимизда йўловчиларга хавфсиз, қулай ва замонавий транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар марказидаги "Дамас" автомобиллари қатнайдиган йўналишларга янги автобус ва микроавтобусларни қўйиш, жорий йил сўнгига қадар жамоат транспортида тўловни электрон кўринишда қабул қилиш имконини яратиш, замонавий типдаги бекатларни қуриш ва бошқа бир қатор масалаларда жиддий ишлар бошлаб юборилган.

Бир қарашда вилоятдаги энг оғриқли, энг тартибсиз соҳалардан бири  энди изга тушиб кетадигандек кўринади. Аммо турли дастурлар қабул қилиш, қарорлар чиқариш билан натижага эришиб бўлмаслиги, бунинг учун соҳада тизимли назорат, масъулларда масъулият ҳисси бўлиши кераклиги кундек равшан.

Эътибор қилинг, Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги "Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида"ги қарорига асосан, вилоят марказининг янги радиал йўли бўйлаб 4 та, яъни "Термиз-Қарши", "Самарқанд-Қарши", "Бухоро-Қарши", "Шаҳрисабз-Қарши" йўналишларида янги автостанциялар қурилиши лозим эди.

Қарорда ушбу транспорт узеллари 2015 йил охиригача қуриб фойдаланишга топширилиши, уларнинг ҳар бирига 1 миллиард 300 миллион сўмдан маблағ сарфланиши таъкидланган. Молиялаш манбаси сифатида тадбиркорлар сармояси ва банк кредити кўрсатилган.

Аммо етти йил ўтмоқдаки, ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш ҳақида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. Айтилган автостанцияларнинг айримлари ҳали тўлиқ қуриб битказилмаган бўлса, қурилганларининг ҳам дарвозасига қулф осиб қўйилибди. Вилоят марказидан бошқа вилоят ва туманларга қатновчи "такси"лар эса ҳамон тирбандликни, тартибсизликни юзага келтирган ҳолда шаҳар ўртасида, "эски манзиллари"дан йўловчи олишмоқда.

Хуллас, эски муаммоларни четлаб ўтиб, янги лойиҳалар ҳақида гапириш билан тўлиқ натижага эришиб бўлмайди. Қачонки, ҳамма белгиланган тартибга қатъий амал қилса, айтилган гаплар оғизда қолиб кетавермасагина ҳудуднинг транспорт инфратузилмаси жадал ривожланади.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!