Меню

Қашқадарё

25.03.2020 280

АВТОСАЛОН, ГИПСОКАРТОН ЗАВОДИ ВА КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАР

Қурилиш статистикаси

Қамаши туманида Россияда ишлаб чиқарилган автомобилларни сотиш ва уларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган "LADA" автосалони, шунингдек, гипсокартон ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда кўп қаватли турар жойларнинг бунёд этилиши мазкур ҳудудда қурилиш ишларининг юқори суръатларда ўсишини таъминлади.

Вилоят статистика бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Қамаши туманида қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 118,4 фоизга ошди. Бу воҳамиз ҳудудлари орасида бунёдкорлик тармоғида 2020 йилнинг дастлабки икки ойи давомида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Эътиборли жиҳати, қурилишдаги юксалиш асосан 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар дастури доирасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида қайд этилган. Жумладан, ҳудудда яна битта автосалон ва автосервис хизматини ташкил қилиш ташаббуси "Сино шифо" хусусий корхонаси томонидан илгари сурилган бўлса, гипсокартон ва қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқариш  қувватини ишга тушириш режаси Озарбайжоннинг "Матанат А" компанияси иштирокида ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шу йил январь-февраль ойларида қурилиш жабҳасидаги ўсиш суръатлари бўйича Муборак (115,5 фоиз), Шаҳрисабз (115,4 фоиз) ва Китоб (115,3 фоиз) туманлари ҳам илғорлар сафидан жой олган. Бунга Муборакда маданият саройи, терини қайта ишлаш корхонаси ва арзонлаштирилган кўп қаватли уйларнинг барпо қилиниши ҳисобидан, Шаҳрисабз туманида декоратив панеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ҳамда якка тартибдаги уй-жой қурилиши эвазига эришилган. Китоб туманидаги бунёдкорлик кўламининг кенгайишига эса мева-сабзавотлар сақлаш совуткичлари, арзонлаштирилган кўп қаватли турар жойлар ҳамда тегирмон ва омихта ем ускуналари ишлаб чиқарадиган заводнинг қад ростлагани таъсир кўрсатган.

Қарши шаҳри ва Ғузор туманларида қурилиш тармоғидаги юксалиш тегишли равишда 112,8 ва 112,2 фоизни ташкил этган бир пайтда Яққабоғда мазкур кўрсаткич 110,9, Қарши туманида 109,7, Нишонда 105,3, Касбида 104,8, Деҳқонобод туманида 103,7 фоизга етди.

Косон (52 фоиз), Миришкор (97,6 фоиз) ва Чироқчи (97,9 фоиз) туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида (83,1 фоиз) эса қурилиш ишлари бўйича олдинги йилга нисбатан пасайиш кузатилди. Бу жараён, айниқса, Косон туманида жиддий тус олди, у ерда январь-февраль ойларида бунёдкорлик ҳажми 2019 йилнинг тегишли даври билан таққослаганда қарийб 2 баравар камайган.

- Бутун Қашқадарё миқёсида оладиган бўлсак, шу йилнинг дастлабки икки ойида воҳамизда 741,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100,3 фоизни ташкил этди, - дейди вилоят статистика бошқармасининг инвестиция ва қурилиш статистикаси бўлими бошлиғи А.Исаев. - Жумладан, жорий йил январь-февраль ойларида йирик қурилиш ташкилотлари 2019 йилнинг   дастлабки икки ойи билан таққослаганда анча кам - 48,2 миллиард сўм ҳажмидаги ишларни амалга оширишган бўлса (39,5 фоиз), кичик корхона ва микрофирмалар 116,3 фоизлик ўсишга эришиб, 528,9 миллиард сўмлик натижани қайд этган. Қурилиш ишларининг қолган қисми (164,8 миллиард сўм ёки 22,2 фоизи) норасмий сектор ҳиссасига тўғри келди.

Ҳисоб-китобларга қараганда, шу йил икки ойда соҳада бажарилган ишлар ҳажмининг 79,8 фоизи бинолар ва иншоотлар,  яна 10,7 фоизи фуқаролик объектларининг бунёд этилиши билан боғлиқ, қолган 9,5 фоизини эса ихтисослашган қурилиш ишлари ташкил қилган.

Ўз мухбиримиз

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!