Меню

Қашқадарё

11.03.2017 2142

АВТОМОБИЛЬ МОТОРИДАН ҚЎЛБОЛА ҚОЗОН

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 1999 йил 5 февралдаги “Рангли металлар парчалари ва чиқиндилари экспортини тартибга солиш тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ рангли металлар парчалари ва чиқиндиларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилиши ва экспорт қилиниши тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қора ва рангли металлар  парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сақлаш, эҳтиётлаш ва топшириш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган тартибга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қора металл парчалари бўйича “Ўзметкомбинат” акционерлик-ишлаб чиқариш бирлашмасининг “Иккиламчиқораметалл” корхоналар хўжалик ҳисобидаги бошқармаси, рангли металл парчалари бўйича эса “Тошкент рангли металлар парчалари, чиқиндиларини қайта ишлаш заводи” акциядорлик жамияти ваколатли тайёрловчилар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рангли металл парчалари, чиқиндиларини йиғиш, тайёрлаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида таркибида рангли металлар бўлган механизм ва агрегатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фактлари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини яширинча тайёрлаш, уларни мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрсатиб ўтилган.

Қайд этиш жоизки, божхона органлари ўз ваколати  доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда, ишлаб чиқариш-техника буюмлари парчалари ва рангли металлар чиқиндиларининг республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб ўтилиши ва айланмасининг олдини олиш, республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қимматли хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Шунга қарамай, таркибида рангли металлар бўлган механизм ва агрегатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фактлари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларидан яширинча фойдаланиш, уларни мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳоллари учраб турибди.

Жумладан, бир неча кун илгари вилоят божхона бошқармаси ходимлари рангли металл парчалари “омбор”ини фош қилишди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликдаги текширувлар чоғида Чироқчи туманида истиқомат қилувчи Али Бозоровнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яшаш хонадони кўздан кечирилганда, рангли металларни сақлаш ва қабул қилиб олиш учун белгиланган тартибда давлат корхоналари рўйхатидан ўтилганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ҳолда умумий оғирлиги 4 тоннадан зиёд алюминий металлари ва уларнинг чиқиндилари сақлаб келинаётгани аниқланди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Жўрабек Эрматов хонадонида алюминий металл чиқиндиларидан, автомобиль моторидан қозон ва офтобалар қўлбола усулда ишлаб чиқарилаётгани фош этилди.

Тадбир натижасида, қўлбола усулда тайёрланган қиймати 6 миллион 325 минг сўмлик 115 дона 30 литр сиғимли, қиймати 8 миллион 415 минг сўмлик 99 дона 60 литр сиғимли, қиймати 690 минг сўмлик 138 дона 30 литр сиғимли қозон ва қиймати 195 минг сўмлик 13 дона офтоба, қиймати 705 минг сўмлик 7 дона қозон ва офтоба қолиплари, қиймати 1 миллион 72 минг сўмлик 1134 килограмм рангли металл чиқиндилари ҳамда ишлаб чиқаришда фойдаланилган асбоб-ускуналар борлиги аниқланди.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича айбдор шахсларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари тегишли суд идорасига кўриб чиқиш учун юборилди.

Аёнки, кўплаб ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда ҳамкорликдаги ишлар муҳим аҳамиятга эга. Агар фуқароларимиз божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатларга гувоҳ бўлишса, бу ҳақда вилоят божхона бошқармасида ташкил қилинган 221-04-80 рақамли ишонч телефони орқали маълум қилишлари мумкин. Шунда қонунга зид хатти-ҳаракатлар ўз вақтида, томир ёймай бартараф этилишига эришилади.

Собир ХОЛМУРОДОВ,

вилоят божхона бошқармаси катта инспектори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!