Меню
Қашқадарё
АВТОБУСДАН ВОЗ КЕЧАМИЗМИ? ҚАРОРДАН-ЧИ?!
Унга кўра, вилоятда 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, йўловчилар ташийдиган янги автобус йўналишлари ташкил этилиши, шу мақсадда янги автобус ва микроавтобуслар сотиб олиниши, автостанциялар қурилиши ва мавжудлари реконструкция қилиниши керак эди.
Шунингдек, 2018 йил 1 июлгача Қарши шаҳрида йўловчилар ташиш транспортида йўл кира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими жорий қилиниши, тўхташ бекатлари намунавий лойиҳалар бўйича жойлаштирилиши, автобус ва микроавтобуслар ишини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилганди.
Вилоят ҳокимининг қароридан сўнг дастлаб Қарши шаҳридаги 1-йўналишда автобус қатнови йўлга қўйилди. Ўз навбатида бу йўлда “Дамас”лар ҳаракати чекланди. Балки четдан қараса бу ғайритабиий туюлар, бироқ ўшангача 1-йўналишда “Дамас”лар сони шу қадар кўпайиб кетгандики, уларни тартибга солиб бўлмаётганди. Бу ўз навбатида ҳаракат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатар, боз устига улар топаётган пулнинг катта қисми ҳам банк орқали айланмасди. “Дамас”и бор ҳар киши “нон”ини шу йўлдан топиши мумкин эди.
Бошида автобуслар яхши ишлади – нархи ҳам чўнтакбоп: 500 сўм, бироқ аҳолининг хурсандчилиги ва мамнунлиги узоққа чўзилмади. Бу йўлни сариқ рангдаги таксилар зумда эгаллаб олди. Бугун айни йўналишдаги сариқ таксиларга қараб, бу йўлда ҳаракатланадиган одамлар сонини тахминан чамалаш мумкин: бир неча ўн минглаб киши.
Аслида-ку бунинг ёмон томони йўқ: автобусдан кўра енгил машина яхшию, бироқ унинг нархи ҳаммага ҳам маъқул тушавермайди. Мисол учун, сариқ таксилар юришига қараб ўртача 1500 сўмдан 2000 сўмгача ҳақ олади. Онда-сонда шундай таксига чиқадиган кишиларга йўлкира сезилмас, аммо ҳар куни қатнайдиган кишига дарров билинади: 500 сўм қаёқдаю 2 минг қаёқда?!
Хўш, нега бундай бўлди? 1-йўналишдан “Дамас”ларни шунинг учун қувганмидик? Аслида мақсад аҳолига қулай ва арзон хизмат кўрсатишдан иборат эмасмиди? 1-йўналишдан бошланган автобус қатнови босқичма-босқич бошқа йўналишларга ҳам жорий этилиши зарур эмасмиди? Аммо бугун автобусни ўша 1-йўналишнинг ўзида ҳам камдан-кам ҳолда учратасиз. Нега? 2018 йилнинг 1 июли яқинлашаяпти, автобуслар ўшангача нақд пулсиз хизмат кўрсатиш чорасини кўриши керак, аммо амалда автобуснинг ўзини топиб бўлмаяпти.
Қарор билан Қарши шаҳар ҳокимлиги, Марказий банк ва вилоят молия бошқармалари, Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармасининг бу борадаги аниқ вазифалари белгилаб берилганди. Бироқ мазкур тизимлар мутасаддилари шу вақтгача мавжуд аҳволга жим қараб келишаяптики, бу сукунатнинг боиси не эканлиги бизга қоронғи.
Шуниси аниқки, Президент қарорида ҳам, шунга асосан қабул қилинган вилоят ҳокимининг қарорида ҳам бир мақсад кўзланган: одамларнинг оғирини енгил қилиш. Бироқ юқорида номи келтирилган идоралар мутасаддилари одамларнинг енгили оғирлашаётганига бефарқ қарашаётгани кишини ҳайрон қолдиради. Ҳар тусмолга бормай бунинг боиси не эканини ўша мутасаддиларнинг ўзлари айтишса, тўғри бўлади чамамизда. Ҳар ҳолда гап инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ҳужжатлар ижроси ҳақида бормоқда.
Бекзод ЎКТАМ