Меню
Қашқадарё
Автобусчилар иш ташладими?
Ижтимоий тармоқларда “Қаршида 80 нафар автобус ҳайдовчиси иш ташлади” мазмунида хабар тарқалди. Унда автобусчилар анча вақтдан бери ойлик олмагани, кунлик тўлов режаси 120 минг сўмдан 400 минг сўмга оширилгани ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлгани, шунинг учун улар 2 декабрь куни ишга чиқмагани хусусида айтилади. Вилоят транспорт бошқармаси мазкур хабар бўйича қуйидагиларни маълум қилди:
Аввало ҳолат “иш ташлаш” дея нотўғри талқин қилинаётганини айтиб ўтишимиз лозим. Бунга қуйида алоҳида тўхталамиз.
Таъкидлаш керак, “Автотранс Қарши” давлат унитар корхонаси 2019 йилда бошқарма қошида ҳукумат топшириғига асосан ташкил этилган ва ўша пайтда 80 дона “Исузу” русумли автобус кредит ҳисобига олиб келинганди. Мақсад – вилоятимизда аҳолига қулай ва арзон ташиш хизматини йўлга қўйиш.
Ҳозирга қадар корхонага тегишли автобуслар Қарши шаҳридаги йўловчи оқими катта йўналишларда қатнаб келмоқда.
Бироз аввал вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Нарзулла Намозов шу йил 2 декабрь куни “Автотранс Қарши” унитар корхонаси фаолияти билан танишиш, ҳайдовчилар билан суҳбат ўтказиш учун корхона автобазасига борди. Учрашув асносида корхонани оёққа турғазиш, бу йўлдаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш, ҳайдовчиларнинг муаммо ва таклифлари, эътирозларини эшитиш кўзда тутилганди.
Мазкур йиғилиш режали асосда ташкил этилди. Уни “иш ташлаш” дея баҳолаш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
Учрашувда барча масалага ойдинлик киритилди. Муаммолар очиқ билдирилди.
Дарҳақиқат, корхона очилганига қарийб 2 йил тўлаётган бўлса-да, ўтган даврда ижобий силжиш айтарли кўзга ташланмаган. Банк олдидаги қарздорлик ўз вақтида сўндирилиб борилмаган. Ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмаган. Аниқ тизим асосида иш олиб борилмаган.
“Дардингизни тўғри тушунаман. 20 йилдан ортиқ шу соҳада ишлаб, нон еганман. Кўриб турибман, корхонада катта имконият ва салоҳият бор. Афсуски, бу имконият мақсадли ишга солинмаган. Сабаб эса аниқ – тартиб, мукаммал тизим йўқ. Мақсадим – шу тизимни жойига қўйиш, барчани ўз ишидан манфаатдор қилиш. Соҳанинг обрўсини кўтармоқчиман. Ҳаммаси ҳал қилса бўладиган муаммолар. Фақат бир ёқадан бош чиқариб ишланса бўлди”, деди бошқарма бошлиғи.
Мулоқот давомида мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш йўллари аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлган кунлик тушум миқдорига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу масала мониторинг асосида ўрганилиши, шунга қараб режалар белгиланиши қайд этилди. Корхона ва ҳайдовчилар ўртасидаги меҳнат муносабатларини ҳам қонунчиликка мувофиқ тартибга солиш айтилди. Бу борада корхона раҳбариятига муайян топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Корхонага қарашли барча автобуслар ўз йўналишларида ҳаракатланмоқда”.