Меню

Қашқадарё

04.06.2021 2309

ҲАВОГА СОВУРИЛАЁТГАН ПУЛЛАР

Ёхуд "Ниҳол экилдими? Экилди! Буёғи бизни қизиқтирмайди қабилида ишлашдан қачон воз кечамиз?

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

 


Содда қилиб айтганда, "Қашқадарёйўлкўкалам" унитар корхонаси йўл бўйини кўкаламзорлаштириб, яшил майдонлар ташкил этади, манзарали дарахт ва бута кўчатларини  экади. Шундан сўнг,  вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси, шаҳар ёки туман ободонлаштириш бўлимлари ёки бошқа бирор алоқадор ташкилот уни сақлаш  учун ўз балансига қабул қилиши керак. Аммо ҳеч қайси ташкилот бу масъулиятни ўз зиммасига олишни истамайди.  Натижада экилган ниҳоллар эгасиз қолиб кетмоқда.


 

Сўнгги 10-15 йил давомида Қарши шаҳри том маънода йирик қурилиш майдонига айланди. Шаҳарда кўплаб турар жой мажмуалари, корхона ва ташкилотлар бинолари, ижтимоий объектлар, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилмоқда. Йўл ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқлари тубдан янгиланмоқда. Бир сўз билан айтганда, шу қисқа вақт мобайнида шаҳар қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб бораяпти.

 Бу жуда яхши, албатта. Ёмон томони эса олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари баҳонасида шаҳарга кўрк, соя-салқинлик бағишлаб турган кўплаб дарахтлар кесиб ташланди. Натижада  иссиқ минтақада жойлашган шаҳарда бугунгидек ёзнинг жазирама кунларида юриб бўлмай қолди. Одамларнинг ўша дарахтларни қумсаши, уларнинг кесилишига кескин норозилик билдиришининг боиси ҳам шундан.

 Тўғри, ҳар йили кесилган дарахтлар ўрнига янги ниҳоллар экилаяпти, аммо уларнинг кўпи 2-3 йилга ҳам бормасдан қуриб кетмоқда. Бу ишнинг талаб даражасида ташкил этилмаётгани, шунча пулнинг ҳавога совурилаётгани билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ, шекилли.

 Мисол учун, Қарши шаҳридаги Жайҳун кўчасини олайлик. Деярли ҳар йили баҳорда шу йўлнинг икки томони бўйлаб ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, янги ниҳоллар экиб чиқилаётганига гувоҳ бўламиз. Бу ишга юзлаб одамлар, ўнлаб махсус техника воситалари жалб этилади, миллиардлаб маблағ сарфланади, лекин ёзга етиб-етмай янги экилган яшил майсалар ўрнини бегона ўт қоплайди, дарахт кўчатларининг аксарияти қуриб қолади.

 Бу йил ҳам худди шундай бўлди. Эрта баҳорда экилган бир неча минглаб кўчатларнинг аксарияти ёзга етмаган бўлса, қолганларининг ҳам саратондан омон чиқиши даргумон.

 Хўш, бу ниҳолларнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмас экан, уларни экишнинг кимга ва нима кераги бор эди? Ахир битта ниҳол кўкартиришнинг ўзи бўлмайди, уни эккандан сўнг доимий парваришлаш керак. Бу ишни зиммасига олган ташкилот борми? Бўлса, нега ўз ишини бажармаяпти?

 Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари атрофида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари Президентнинг 2017 йилнинг 11 сентябрдаги "Автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ва архитектура-ландшафт жиҳатдан тузиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳузурида ташкил этилган "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан бажарилмоқда.

 Вилоятимизда бу ишни "Қашқадарёйўлкўкалам" унитар корхонаси амалга ошириб келмоқда. Корхона бош агрономи Шариф Абдуллаевнинг таъкидлашича, "Қашқадарёйўлкўкалам" унитар корхонасининг асосий вазифаси умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари бўйида кўкаламзорлаштириш, йўлларнинг замонавий архитектура-бадиий тузилиши ҳамда ландшафт дизайнини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат. 

 Содда қилиб айтганда, мазкур корхона йўл бўйини кўкаламзорлаштириб, яшил майдонлар ташкил этади, манзарали дарахт ва бута кўчатларини  экади. Шундан сўнг,  вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси, шаҳар ёки туман ободонлаштириш бўлимлари ёки бошқа бирор алоқадор ташкилот уни сақлаш  учун ўз балансига қабул қилиши керак. Аммо ҳеч қайси ташкилот бу масъулиятни ўз зиммасига олишни истамайди.  Натижада экилган ниҳоллар эгасиз қолиб кетмоқда.

 - Биргина ўша Жайҳун кўчаси мисолида тушунтириб берадиган бўлсам, бизга шу йўлнинг икки томони бўйлаб 18 мингта дарахт  ва бута кўчатларини экиш вазифаси топширилиб, маблағ ажратилган эди, - дейди Шариф Абдуллаев. - Жорий йил баҳорида шундан 10 минг 455 дона кўчатни экдик. Қисқа қилиб айтганда, ўз вазифамизни бажардик. Энди бирор ташкилот ишни биздан қабул қилиб олиши керак. Аммо мана шу жойда очиқлик бор. Ҳеч қайси ташкилот қабул қилиб олмайди. Шундай бўлгач, кўчатлар қуриб кетмаслиги учун мажбур бўлаяпмиз ўзимиз қўшимча куч ва маблағ сарфлаб уларни сақлаб туришга. Еттита "Исизу" русумли замонавий сув ташиш машиналаримиз бор. Улардан бутун вилоят ҳудудида йўл бўйларида экилган дарахтларни суғоришда фойдаланамиз. Иш ҳажми жуда катта. Ҳозир соат кечки 5 дан 12 га қадар ва 12 дан эрталабгача ишлайдиган иккита смена ташкил этганмиз. Одамларимиз тиним билмай ишлайди, ҳар куни қанчадан қанча маблағ сарфлаймиз шу кўчатларни сақлаб қолиш учун. Бироқ аслида бу бизнинг вазифамиз эмас.

        Мутахассиснинг қўшимча қилишича, шунга қарамай жорий йилда вилоят бўйлаб автомобиль йўллари бўйига экилган қарийб 45 мингга яқин кўчат жуда катта меҳнат ва корхонанинг ўз ҳисобидан сарфлаётган маблағлари эвазига сақлаб турилибди, йўқотишлар кўп эмас.


Айнан Жайҳун кўчасидаги ниҳолларнинг қуриб қолишига эса ҳудудда чучук сувнинг йўқлиги, суғориш учун шўр сувдан фойдаланилаётганлиги сабаб бўлмоқда. Аслида бу ерга кўчат экилишидан олдин Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси парлатиб суғориш имконини берадиган махсус тармоқ ўрнатган. Ниҳоллар ҳам шунга ишониб экилган. Лекин бошқарма бу тармоқни ишга тушириб бера олмаяпти. Натижада махсус машиналарда яқин атрофдаги зовурлардан шўр сув ташиб келтириб суғорилмоқда. Хуллас муаммо кўп.


 Энг қизиғи, автомобиль йўллари бўйида экилган бу ниҳолларни сақлаш учун қабул қилиб оладиган, бу ишга маблағ ажратиб, уларни парваришлайдиган аниқ бир масъул ташкилот йўқ бўлгани ҳолда, дарахт экишга зўр берилмоқда. Бизнинг раҳбарларга тизимдаги бўшлиқни тўлдириш, муаммонинг сабабларини бартараф этишдан кўра, "Ниҳол экилдими, экилди, вазифа бажарилдими бажарилди", қабилида иш кўриш афзалдек гўё.

 Мисол учун, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси ҳам бу борада масъулиятни ўз зиммасига олишга шошилмаётганининг сабаби бор. Бошқарма матбуот котиби Дилмурод Узоқмуродовнинг таъкидлашича, бунинг учун қўшимча маблағ, техника ва ишчи кучи талаб этилади. Аммо айни пайтда бошқармада бундай  имкониятлар йўқ.

 Хўп, имконият йўқ бўлса, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси нега бу ишга буюртма бераяпти? Нега бунинг учун маблағ ажратилаяпти? Бу давлат бюджети пуллари таъбир жоиз бўлса, тупроққа сочиб юборилаяпти, дегани эмасми?!

 Оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Жорий йилда биргина  Жайҳун кўчаси бўйига 10 минг 455 тўп дарахт ва бўта кўчатлари экилган. "Қашқадарёйўлкўкалам" унитар корхонаси масъул ходимларидан олган маълумотимизга кўра, ҳар бир кўчат ўртача 33 минг сўмдан харид қилинган экан. Бу биргина шу ҳудуд учун тахминан 345 миллион сўмга кўчат сотиб олинди деганидир. Ҳали бунга экиш харажатларини қўшсак, мазкур рақам тўққиз хоналидан ўн хоналига айланиши ҳеч гап эмас.

 Яна бир гап. Жайҳун кўчаси бўйида нафақат шу йилги, балки уч-тўрт йил олдин экилган ва ҳудуднинг иқлим шароитига мослашиб, анча бўй чўзиб қолган манзарали дарахтларнинг ҳам бир нечтаси шу йил қуриган. Қолганларида ҳам касалланиш аломатлари кўзга ташланаяпти.

 Биз бу ҳолатга ойдинлик киритиш, бир неча йилдан буён кўкариб турган дарахтларнинг дабдурустдан нега қуриб қолаётгани сабабини аниқлаш мақсадида Қарши шаҳар ҳокимлиги, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси, вилоят "Йўллардан мунтазам фойдаланиш" унитар корхонаси ҳамда "Қашқадарёйўлкўкалам" унитар корхонаси масъул ходимларига мурожаат қилдик. Уларнинг барчаси бу дарахтларни парваришлаш  зиммасида эмаслигини айтишди. Унда кимнинг зиммасида?!

 Хуллас, бу саволга изоҳ берадиган аниқ бир масъулни топа олмагач, шу ерда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари фикрини тингладик. Уларнинг айтишича, 2020 йилда Президентнинг вилоятимизга ташрифига тайёргарлик жараёнида Жайҳун кўчаси бўйида ҳам жуда катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

 - Аввал дарахтлар экилган жой йўл бўйидаги пиёдалар йўлакчасидан анча паст эди, - деди биз суҳбатлашган кишилар. - Президент келади дейишгач, ана шу дарахтлар тагига машина-машина тупроқ тўкилиб, ер пиёдалар йўлакчаси билан тенглаштирилди. Усти текисланиб, "газон" экиб ташланди. Бу бир қарашда чиройли кўриниши мумкин, лекин  дарахтлар танасининг бир қисми кўмилиб, томири жуда пастда қолиб кетди. Энди қанча сув қўйганингиз билан томирига етиб бормайди, танасининг тупроқ остида қолган қисмида эса чириш бошланади. Мана, битта-битта қурий бошлади. Бизнингча, қолганлари ҳам қуриб битса керак.

 Бу одамлар айтаётган гап. Унинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги ҳақидаги хулосани эса ўзингизга қолдирдик.

 Ж.БОЙМУРОДОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!