Меню
Қашқадарё
АТТОРГА ҲАМ ЧЕГАРА БОР
Бироқ бу турдаги маҳсулотлар сифатсиз ва қўлбола усулда тайёрланган бўлса, оғир оқибатларга олиб келиши тайин. Тўғри, хорижда минг турли парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва улар бугун машҳур брендларга айланиб улгурган. Табиийки, ҳар қандай киши улардан фойдаланишга интилади. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, машҳур брендларнинг номидан фойдаланиб, сифатсиз ва қалбаки маҳсулот ишлаб чиқараётганлар ҳам топилади. Бу эса фуқароларнинг соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкин. Уларни ноқонуний равишда мамлакатимизга олиб киришга уринаётганлар эса ана шундай сифатига кафолат бўлмаган товарларни олиб ўтаётганларини ё билишмайди, ё билиб туриб, кўзига фақат пул кўриниб, бошқа нарсаларни унутиб қўйишади.
Шундан келиб чиққан ҳолда парфюмерия маҳсулотларини мамлакатимизга олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида олиб ўтиш алоҳида назоратга олинган ва бу турдаги маҳсулотлар бошқа буюмлар сингари фуқаролар томонидан божхона чегарасини кесиб ўтишда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилиши шарт. Акс ҳолда фуқароларга нисбатан божхона қонунбузарлиги тўғрисида баённома расмийлаштирилади.
Бу борадаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг 2 январь куни Қарши халқаро аэропортига Москва-Қарши йўналиши бўйича келган фуқаро Фарид Исматовнинг қўл юклари унинг ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида рентген аппаратида текширилганда, божхона назоратидан яширилган, бир неча турдаги қиймати 2 миллион 810 минг сўмлик 42 дона парфюмерия маҳсулотлари ноқонуний равишда олиб кирилаётгани аниқланди.
Бу каби ҳуқуқбузарлик жорий йилнинг 17 март куни фуқаро Маҳлиё Бобоева томонидан ҳам содир этилди. У Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига келиб, қиймати 22 миллион 702 минг сўмлик 1035 дона парфюмерия маҳсулотларини божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтишга уринганида божхона ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди ва белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан Фарид Исматов ҳамда Маҳлиё Бобоевага нисбатан суд органларининг тегишли қарорлари билан жарима жазоси тайинланиб, ҳуқуқбузарлардан олинган парфюмерия маҳсулотлари давлат эгалигига ўтказилди.
Низомиддин ЖЎРАЕВ, “Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи.